Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Халқнинг умиди қирқилмоқда» – Жиззахда газ трубаларига «ҳужум» бошланди

«Халқнинг умиди қирқилмоқда» – Жиззахда газ трубаларига «ҳужум» бошланди

Фото: «Xabar.uz»

Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани Қўйтош қишлоғи вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан. 1994 йил 8 декабрь куни Қўйтош кони хўжалик маблағи ҳисобидан бу қишлоққа газ ўтказилади ва 2010 йилга қадар газ келиб турган.

2010 йилдан бошлаб қишлоққа газ бериш тўхтатилган. Ғаллаоролдан Қўйтошга кетаверишдаги биринчи Қоропчи қишлоғигача газ узилмаган. Ундан уёғига газ йўқ, айни пайтда қишлоққача 25-26 километргача чўзилган турли диаметрдаги газ трубаларини аҳоли кўз қорачиғидек асраб келаётган эди. Шу кунларда эса 270 дм.ли газ трубалари қирқилишни бошлаган.

— Газ трубаларини қирқиш «Hududgaz Jizzax» газ таъминоти томонидани амалга оширилмоқда, — дейди таҳририятга қўнғироқ қилди қишлоқ фуқароси Мўмин Жангиров. — Аввалига газ трубаларини қирқиб кетаётганлар ҳужжат кўрсатишмади. Кейин билсак, Жиззахнинг айрим туманларида газ етиб борган жойларнинг таъмирини ошириш учун Бахмал тумани Гулбулоқ қишлоғидаги трубаларни кесишга буйруқ берилган. Аммо у қишлоқ аҳолиси газ трубаларини кетмон кўтариб ҳимоя қилгач, буйруқ ўзгартирилади, Бахмал тумани ўрнига Ғаллаорол, Гулбулоқ қишлоғи ўрнига Қўйтош ёзилади ҳужжатда. Биз 10 йилдан ошиқ газ бўлмасада яхши умидлар билан трубаларимизни кўз қорачиғимиздек асраб келаётган эдик. Қолаверса, юртбошимизнинг 2022 йилдан бошлаб босқичма босқич энг чекка қишлоқларга газ етказиб берамиз деган сўзлари бор. Бугун  бу трубаларни қирқиб кетишса, кейин труба йўқлигини баҳона қилиб газ ўтказиш яна чўзилади. Биз трубаларимизни ҳеч кимга бермоқчи эмасмиз, қолаверса, бу трубалар вақтида хўжалик ҳисобидан келтирилган, Жиззах туман газнинг умуман улуши қўшилмаган.

Халқнинг газ трубаларига шу пайтгача тегинмагани, талон-торож қилмагани  таҳсинга сазовор албатта. Қолаверса, уларнинг келгусида қишлоғига яна газ келишидан умиди катта. Газ трубаларининг талон-торож қилиниши ёки қўйнидан тўкилса қўнжига қабилида иш тутиб  бошқа жойнинг газ трубаларини таъмирлаш мақсадида бу қишлоқ аҳолисини умидсиз қолдириш нечоғлик тўғри? Газ трубалари қирқилди дегани, халқнинг газ келишига бўлган умиди ҳам қирқилди дегани эмасми?  

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг