Сирдарёда трансформатор остидаги кучукни қутқармоқчи бўлган 2-синф ўқувчисини ток урди
Ижтимоий тармоқларда 2-синф ўқувчисини трансформаторда ток ургани ҳақида маълумотлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Гулистон халқ таълим бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, 2022 йил 23 ноябрь куни Гулистон тумани 14-умумий ўрта таълим мактабининг 2-«Б» синф ўқувчиларига режа бўйича 5 соат дарс ўтилиши керак бўлган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчилари учун бўлиб ўтаётган малака (амалий) синовларда иштирок этаётганлиги сабабли ушбу кунги дарслар ихчамлаштирилиб, синф раҳбар Имомова Соҳиба томонидан дарслар ўтиб бўлингач ўқувчиларга уйларига кетишлари учун жавоб берган.
Дарси тугагандан сўнг 2-«Б» синфнинг барча ўқувчилари каби Хасан ва Хусан Абдураҳмановлар уйга йўл олишган. Йўлда Хасан ва Хусан Абдураҳмановлар мактаб ҳудудининг ташқарисида жойлашган электр трансформатор остига кириб қолган кучукни кўриб қолишган. Трансформатор пойдевор қисмининг очиқ жойидан Хусан Абдураҳманов қўлини киргазиб, кучукни олмоқчи бўлган вақтда электр токи уриши оқибатида бош, қорин, қўл ва оёқ қисмидан тан жароҳати олган.
Воқеа жойига тезликда етиб борган мактабнинг ўқитувчиси Абилов Фурқат болани чиқариб олган, мактаб ҳамшираси Раҳимова Муҳаббат томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Зудликда туман шошилинч тиббий ёрдам ва оиласига хабар берилган. Ҳозирги вақтда Туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан муолажалар олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter