Қора рангли тошни гўёки олмос деб, 500 минг долларга сотаётган шахслар қўлга тушди
Бухорода йирик фирибгарлик жинояти фош этилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди. Унга кўра, маҳкама ҳузуридаги департамент ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда сохта тошлар ҳамда қалбакилаштирилган тарихий-бадиий буюмларни сотишга ихтисослашган жиноий гуруҳ қўлга олинган.
Ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.М. ва бошқалар А.Д.ни бир дона қора рангли тошни гуёки олмос эканлигига ишонтириб, уни 500 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 4,5 млрд. сўм ва 51 минг АҚШ доллари олаётган пайтда ушланди.
Тадбир давомида «олмосфурушлар»нинг яна бир жинояти аниқлади, дейилади хабарда. Яъниким, улар бир дона зар матодан ишланган камар, бир дона чармдан ишланган хамён ва бир дона кумушдан ишланган қўлбола муҳрни Бухоро амирларига тегишли эканлиги ва улар тарихий аҳамиятга эга ноёб буюмлар сирасига кириши айтиб, фуқаро А.Д.ни янада ишонтириш мақсадида тарихий фотосуратларни қалбакилаштириб, уларни 100 минг АҚШ долларига сотишга уринганлиги аниқланган.
Шунингдек, фуқаро А.М. томонидан келгусида фуқароларни ишончига кириб, уларни алдаш йўли билан ноқонуний даромад орттириш мақсадида ўзида сақлаб келаётган 32 турдаги жами 247 дона турли хилдаги тош ва заргарлик буюмларини ихтиёрий равишда тақдим этганлиги процессуал расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан фирибгарлик аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter