ППХ ходимлари билан «кўча жанги» уюштирганларнинг 3 нафари қўлга олинди, яна бири қидирувда
Тошкент шаҳри Қатортол кўчасида ППХ ходими ва фуқаролар ўртасида муштлашув юзага келгани видеоси тарқалганди. ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, ЙПХ ва ППХ ходимларига ҳужум қилган шахсларнинг 3 нафари қўлга олинди.
Қайд этилишича, Matiz автомашинаси ичида бўлган 4 нафар йигитдан 2 нафари ППХ ходимига ташланиб, унинг бош қисмига уриб, сўнгра ўткир тиғли қурол, яъни пичоқ билан ҳужум қилган.
«Бизда 55-буйруғимиз бор. Унга кўра, қуролли ҳужум бўлганда уни қайтариш мақсадида қурол ишлатиш ҳуқуқига эгамиз. Тартиббузарлар ёшлиги сабаб қурол ишлатмадик, оғзаки огоҳлантирдик», – дейди ППХ ходими.
Ҳодисада иштирок этган ЙПХ ходимининг таъкидлашича, у фуқароларни ёшлиги ва қўшимча куч етиб келгани боис шеригини отиш ниятидан қайтарган.
Қўшимча қилинишича, транспорт воситаси текширилганда бурунга сепадиган кучли психотроп моддалар аниқланган.
Қўшимча кучлар келгани сабаб безорилар номаълум тарафга қараб қочган. Ходимлардан бири жанжалдан сўнг оёғида кучли оғриқ сезгани сабабли тез тиббий ёрдам шифокорларига мурожаат қилган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида мазкур шахсларнинг икки нафари муқаддам судланганлиги аниқланди. Улардан бири ўғрилик жиноятини содир этгани учун судланиб, тузалиш йўлига киришига имконият берилган эди. Унга кечаси уйдан чиқиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланган бўлса-да, чекловни бузиб, ярим тунда кўча кезиши оқибатида янги жиноятга қўл урган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (жамоат тартибини сақлаётган ходимга нисбатан қаршилик кўрсатиб безорилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter