Инспектор машина ойнасини тирсаги билан уриб синдирди. ИИББ ҳодисага изоҳ берди
ЙПХ инспекторлари «Нексия-2» русумли транспорт воситасини тўхтатишга уринаётгани акс этган видео интернетда тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ видеони изоҳлади.
«Жорий йилнинг 1 ноябр куни соат 17.00 ларда Акбар Х. (2004 й.т.) «Нексия-2» русумли давлат рақам белгиси 01N961CB бўлган автомобилни, бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларга эга бўлмаган ҳолда, бошқараётган вақтида, йўлда уч маротаба ЙПХ инспекторларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган.
Тўртинчи маротаба Юнусобод тумани Амир Темур ва Шаҳрисабз кўчалари кесишган чорраҳасида ЙПХ инспектори М.Турдиев жезл ва ҳуштак ёрдамида тўхташ ишорасини беради, бироқ ҳайдовчи катта тезликда ҳаракатни давом эттирган. Бир нечта ходимларнинг қонуний талабларига бўйсунмасдан ҳаракатини давом эттираётган ушбу автомобил ҳаракатини чеклаш мақсадида бошқа транспорт воситалари тўхтатилган. Сўнг Амир Темур – Алишер Навоий – Шаҳрисабз кўчалари кесишган чорраҳада ЙПХ инспектори Д.Ғаниев транспорт воситасини тўхтатган.
Ҳайдовчи ўзини шубҳали тутгани, ходимларнинг эшикни очиш ва транспорт воситасидан тушиш ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмасдан, транспорт воситасини ичкаридан қулфлаб олгани сабабли, машинанинг ойнасини синдириш орқали ҳайдовчининг эшиги очилган ва унинг транспорт воситасини бошқариш имконияти чекланган», дейилади Тошкент шаҳар ИИББ берган муносабатда.
Ҳолат юзасидан ҳайдовчи Акбар Х.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter