Ҳиндистонлик врачлар Нарпайда

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан Ҳиндистоннинг «Taj Med Healthcare» компанияси ҳомийлигида Самарқанд вилоятининг чекка туманларида ҳиндистонлик малакали врачлар томонидан аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.

Бугун учинчи кундирки, ҳиндистонлик доктор Прабал Рой (лапороскопик хирургия, колоректал ва эндоваскуляр хирургия), доктор Йувраж Кумар (ортопедик ва бўғимлар хирургияси), доктор Маниш Чоудхари (эндомология, буйрак трансплантацияси, уроонкология) каби врачлар тиббий кўрикдан ташқари турли жарроҳлик йўналишларида маҳорат дарслари ва амалиётларини ҳам ўтказишмоқда. Ҳар куни Нарпай, Каттақўрғон, Пахтачи туманларидан таклиф этилган ўртача юзта бемор кўрикдан ўтказилаяпти ва уларга керакли маслаҳатлар берилмоқда. Айримларига Нарпай туман марказий шифохонасининг ўзида, айримларига Самарқанд ва Тошкент шаҳридаги клиникаларда ҳиндистонлик врачлар иштирокида ўтказиладиган жарроҳлик амалиёти тайин қилинмоқда.

− Шифохонамиз 350 ўринли бўлиб, замонавий усулда қурилган ва беморларни даволаш учун барча шароитлар яратилган. Ўзимизда ҳам жарроҳлик амалиётларини бажара оламиз, аммо кейинги йилларда аҳоли ўртасида ўз саломатлигини тиклаш учун Ҳиндистон, Исроил, Украина каби давлатларга боришни истайдиганлар кўпайиб бораётгани, аммо уларга бориб-келишнинг ўзи катта маблағ талаб қилишини ҳисобга олиб, ҳинд мутахассисларини чақиришга қарор қилдик, − дейди Нарпай туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Лутфиллоҳ Маҳманов. – Аммо мақсадимиз фақатгина аҳолини уларнинг кўригидан ўтказиш ва тавсиялар олиш эмас. Келажакда улар билан аниқ амалий ишлар қилишни келишиб олганмиз. Хусусан, бирлашмамиз қошида ҳинд врачлари фаолият юритадиган бўлим очамиз. Биринчи қадам ҳам қўйилди, шифохонамиз қошида ҳиндистонлик мутахассислар ишлайдиган диализ аппаратлари ўрнатиладиган бўлди.

Ўзларига ажратиб берилган хоналарда юртдошларимизни қабул қилаётган ҳиндистонлик врачлар иши билан танишдик. Доктор Йувраж Кумар тиззаси оғриётган бир аёлни кўрикдан ўтказаётган экан. Унга керакли тавсияларни бериб бўлгач, саволларимга жавоб берди:
− Мен Фаридободдаги марказий шифохонанинг ортопедик бўлими бошлиғиман ва бўлимда ойига ўртача юзта жарроҳлик амалиётини амалга ошираман. Ўзбекистонга таклиф қилишганидан хурсандман ва қўлимдан келгунча юртошларингиз дардига дармон бўлишга ҳаракат қиламан. Бу ерда ҳам кўп касалларни қараб, керакли тавсияларни бераяпман. Менга мурожаат қилаётган кишилар орасида оёқ, бел ва бўксасида оғриқлар бўлган беморлар кўпроқ экан. Албатта, ҳозир бундай беморлар бутун дунёда кўп. Бу хасталиклар ёш билан ва кўпроқ ортиқча вазн билан боғлиқ. Бир нечта касални Самарқандда, Тошкентда жарроҳлик йўли билан даволашга қарор қилдик. Масалан, ҳозиргина қабулимдан чиққан онахоннинг чап тиззасига Тошкентда жарроҳлик йўли билан сунъий «кўз» қўйилган, аммо яна оғриётганидан шикоят қилди. Бу онахоннинг тиззасини шу ернинг ўзида операция қилиб, оғриқларини бартараф қиламиз.

Мураккаброқ жарроҳлик амалиёти талаб қилинадиган беморларни Ҳиндистонда даволаш юзасидан келишувларни амалга ошираётган мутахассис Нина Агарвал билан ҳам суҳбатлашдик:
− Ўзбекистонда амалга ошириб бўлмайдиган жарроҳлик амалиётларини, шунингдек, бизда даволанишни истайдиган беморларни Ҳиндистонга таклиф қилаяпмиз, уларга керакли ҳужжатларни тайёрлашда тавсиялар бераяпмиз. Ҳиндистонда даволаниш истагида бўлган юртдошларингизга қўлимиздан келгунча енгилликлар яратишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Ҳиндистонлик врачлар кўригига келган бир қанча юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.
− Ортопедга кўриниш учун келдим, − деди нарпайлик Дилдора Иноятова. – Ўзимизнинг поликникадаги врачимиз тавсия қилди. Кўрамиз, ҳинд врачлари менга қанақа тавсиялар беришар экан.
− Ўзим ҳамшира эдим, ҳозир пенсиядаман, − дейди Гулбаҳор Худойқулова. – Буйрагим оғрийди. Ҳиндистонлик врачлар айнан буйрак касалликларини даволашда жуда моҳир деб эшитгандим, шунинг учун уролог врачга учрашиб, маслаҳат олмоқчиман.

− Ўғлим Дилбек 11 ойлик, оёғида туғма чиқиш бор, оёғидаги мосламани уч ойлигида қўйишган эди, − дейди Дилнавоз Ҳасанова. – Ҳиндистондан малакали ортопед келганини эшитиб, маслаҳатини олгани келдим. Ўғлимни кўриб, муолажа қилишса, нафи тегар деган умиддаман.
Ҳиндистонлик врачлар ўз фаолиятини давом эттиришмоқда.
Каримберди Тўрамурод,
«Хаbar.uz» мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter