Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Она ва ўғил фожиаси: Ғиждувондаги воқеа бўйича ҳукм ўқилди

Она ва ўғил фожиаси: Ғиждувондаги воқеа бўйича ҳукм ўқилди

Бухорода онасининг қотилига айланган ўғилга ҳукм ўқилди. Таъкидланишича, қотиллик Ғиждувон  туманидаги Бобур маҳалла фуқаролар йиғини Гулобод кўчасидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. 1993 йилда туғилган Ҳ.Н. онаси М.О. билан узоқ вақтдан буён ўзаро келишмовчиликда яшаб келишган.

Бундан бир йилча илгари Бухоро вилояти, Ғиждувон туманидаги 29 ёшли ўғилнинг 51 ёшда бўлган ўз онасини пичоқлаб ўлдиргани ҳақидаги хабар кўпчиликни ҳайратга солган эди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг бош консультанти Нурбек Раҳимовнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, қотил 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Маҳалла вакили Лобар Шарипованинг сўзига кўра, ушбу оилада беш фарзанд бўлиб, Н.Ҳ. учинчи фарзанд. Қотиллик содир бўлишидан чамаси йигирма кунча илгари марҳума туман ободонлаштириш бўлимида фаолият юритиб келаётган турмуш ўртоғи Ҳ.Ҳ. билан ҳам жанжаллашган бўлган.  Ҳ.Ҳ. ҳам ҳовлидан чиқиб кетган бўлган.

Қотиллик содир бўлган куннинг эртасигаёқ маҳаллада вилоят ИИБ мутасадди раҳбарлари ҳамда туман ҳокими, қатор масъуллар, маҳалла мутасаддилари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида жиноят тафсилотлари муҳокама қилинган.   Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг келиб чиқишига омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинган. 

«Ниҳоят, маҳалламизда содир бўлган қотиллик бўйича кўриб чиқиладиган суд ишига ҳам етиб келдик. Бугун ҳукм эълон қилинади. Яширишга ҳожат йўқ, Н.Ҳ. маҳалламиздаги энг яхши пайвандловчилардан эди. Оғир ва вазмин бола. Отаси ҳам, ўзи ҳам ҳеч қачон биров билан келишмовчиликка ёки жанжалга бормаган. Ақлли, эсли ва ҳушли, меҳнаткаш йигит эди»,-дейди Лобар Шарипова.

Суд ҳужжатларига кўра, Н.Ҳ. 29 ёшга тўлган бўлса-да, оилавий шароит туфайли уйланмаган бўлган. У ўзи туғилиб ўсган хонадонга кунора фақат сингилларидан хабар олиш учунгина келиб турган.

«Суд-тергов ҳаракатлари давомида айбдорнинг онаси М.О. уйига доимий равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, бегона эркакларни уйига олиб келиб, улар билан ишқий муносабатда бўлиб юргани аниқланди. Онасининг ушбу ҳаракатларидан ўғил норози бўлиб, бир неча маротаба танбеҳ берган.  Шунга қарамасдан, онаси бу ҳаракатларини давом эттириб келаверган. Турмуш ўртоғи ҳам ор устида хонадондан чиқиб кетган бўлган»,-деди суд раиси.

Суд ўз ҳукмини эълон қилишда маҳалла-кўй, қўни-қўшнилар ва воқеага гувоҳ бўлганларнинг Н.Ҳ. ҳақидаги кўрсатмалари, ижобий таснифлари инобатга олинган.         

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш билан айбдор, деб топилган ва ЖКнинг 57-моддасини (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг