Фарғонада шлагбаумни айланиб ўтмоқчи бўлган юк машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлди
Фарғона вилоятида 13 октябрь куни ГАЗ-53 русумли юк машинаси ҳаракатланаётган 62-сонли Тошкент–Андижон йўловчи поездининг тепловозига бориб урилган.
Ўзбекистон темир йўллари ахборот хизмати хабарига кўра, ҳодиса соат 21:40 да Бувайда ва Қўқон станциялари ўртасидаги темир йўл кесишмасида содир бўлган. Аниқланишича, автомобиль ҳайдовчиси туширилган шлагбаумни айланиб ўтиб, йўл ҳаракати қоидасини бузган.
Тўқнашув натижасида юк машинасининг кабинаси жиддий зарарланган. Тан-жароҳатлари олган ҳайдовчи воқеа жойида вафот этган.
Маълум қилинишича, локомотив ва поезднинг биринчи вагонига ҳам зарар етган. Йўловчилар орасида жароҳат олганлар йўқ.
Зарaр кўрган локомотив Қўқон локомотив депосига етказилди. Поезд манзилга бошқа электровоз орқали етказиб берилди. Ҳодиса туфайли поезд 42 дақиқага кечиктирилди.
Ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа идоралар тергов олиб бормоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter