Фарғона. Журналистга қилинган ҳужум «заказ»миди?
Кеча Фарғонада «Effect.uz» сайти ходими номаълум шахслар ҳужумига учрагани хабар қилинганди.
Бугун Бош прокуратура ҳолат юзасидан ЖКнинг 166-моддаси (Талончилик) билан жиноят иши қўзғатилгани ва 4 нафар шахс гумондор тариқасида ушланганини маълум қилди.
Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов «Xabar.uz»га берган қисқа интервьюсида воқеа тафсилотлари очиқлади.
Аниқланишича, 2020 йил 13 май куни соат 18:30лар чамасида «Effect.uz» сайти тасвирчиси Ғ.Эшев «Матиз» русумли автомашинасида хизмат юзасидан Қувадан Фарғона шаҳрига қайтаётган бўлади.
Тасвирчи Андижон-Фарғона ва Қўшкечик-Бегат йўллари кесишган чорраҳадаги светофорнинг қизил чироғида тўхтаган пайтда ён томондан фуқаро У.И (1982 йилда туғилган) ўз бошқарувидаги «Матиз»да уч нафар шериклари (барчасининг шахси аниқланган) билан етиб келиб, Ғ.Эшевнинг кўзига номаълум мослама билан (кўзни ёшлантирувчи) суюқлик сепиб, нархи 20 000 000 млн. сўм бўлган «Canon 6D» русумли видеокамерасини қўлга киритишади.
Шундан сўнг Ғ.Эшев видеокамерани қайтариб олиш мақсадида бошқарувидаги «Матиз»и билан уларнинг (У.И. ва шериклари кетаётган «Матиз») ортидан қувади. Қува-Марғилон ва Қўшкечик-Бегат чорраҳасидан Қува туманига бурилишда тўрттовлон ўтирган «Матиз»нинг орқасига уриши натижасида автомашина йўл четидаги уйга бориб урилади. Айни жараёнда тўртовлон видеокамерани ўзлари билан олган ҳолда автомашинадан тушиб ҳодиса жойидан яширинади. Яшириниш пайтида улардан бири Ғ.Эшевга тегишли «Матиз» автомашинасининг орқа ойнасини тош билан уриб синдиришга улгуради.
Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида «Canon 6D» русумли видеокамера гумондорларнинг биридан далилий ашё тариқасида олинган. Видеокамерага ҳеч қандай шикаст етказилмаганлиги ҳамда хотира картаси ўрнида экани аниқланган.
Айни пайтда гумондорлар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жабрланувчи томоннинг баёноти, шунингдек, воқелик бўйича оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларда гўёки буюртмачи Қува тумани ҳокимлиги масъуллари экани айтилмоқда.
Барча гумонларга тергов жараёнида аниқлик киритилади.
Жиноят иши Бош прокуратура назоратига олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter