Бухорода аёлини қасддан ўлдирган эркакка ҳукм чиқарилди
Бухоро вилояти, Шофиркон тумани фуқароси О.Б. турмуш ўртоғи Д.О.нинг юз ва бош қисмига ёстиқ билан босиб, қасддан бўғиб ўлдирди. У ўн йил муддатга қамоқ жазосини олди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани раиси Улуғбек Бозоров маълум қилди.
19 ёшли Б.Б. кун иссиғи бўлса-да, устига кўрпа олиб ётган онасининг хонасига ҳовлиқиб кирди. Ҳаммаёқ тўзғиб ётганига кўзи тушди.
«Она, она, онажоооооон…-кўзлари йиртилгудек бўғзи оғзига тиқилган кўйи Б.Б. ва амакисига,- онам, онам ўлиб ётибди»,-деди ўкириб.
Бир зумда воқеа содир бўлган жойда ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла масъуллари етиб келишган. Фуқаро Д.О.нинг ваот этгани аниқланган.
«Отам узоқ йилдан буён Россия Федерациясида ишлаб келарди. Ўрталарида низолар чиқиб турган. Лекин ўлимга олиб борадиган сабаб кузатмаганмиз. Онам қандли диабет касаллигига даволаниш мақсадида Вобкент туман Тиббиёт бирлашмасига даволаниб чиқди. Дори-дармонлар ва бошқа харажатларига ишлатиш учун ўзида мавжуд бўлган долларни сўмга алмаштириш мақсадида танишининг машинасига ўтирган. Отамга буни нотўғри етказишган. Отам рашк туфайли онамнинг жонига қасд қилган»,-марҳум онасининг нега отаси томонидан ўлдирилганига изоҳ берди судда Б.Б.
Маълум бўлишича, фуқаро О.Б. 2004 йилда Д.О.га уйланган ва ўртада 19 ёшли ўғил ҳамда 17 ёшли қиз фарзандлари бор. О.Б. ўн йилдан ортиқ вақт давомида Россия Федерациясининг Новый Уренгой шаҳрига ишлаш учун кетган ва у ердан 2023 йилда қайтиб келган. Охирги маротаба 2022 йилда бир маротаба келиб, оиласидан хабар олиб, яна қайтган ва эру-хотин ўртасида рашк келтириб чиқарувчи ҳеч қандай муаммо келиб чиқмаган бўлган.
Суд ҳужжатларига кўра, 2023 йилнинг ёз фасли кунларида Д.О. қандли диабет хасталиги билан касалхонага даволаниш учун ётиб чиққан. У пул зарурати билан ўзига аввалдан таниш бўлган И. исмли эркакка тегишли бўлган автомашинага АҚШ долларини сўмга алмаштириш мақсадида ўтирган. Улар автомашинада суҳбатлашиб туришган. Ва яна тарқалишган. Ушбу ҳолатни Б.О.нинг синглиси Т.О. кузатиб турган ва Россияда ишлаб юрган акасига қўнғироқ қилиб, янгасининг ортидан турли миш-мишлар тарқалаётганини, бугун ўз кўзи билан кўрганини билдирган.
Шундан сўнг орадан бир неча кун ўтиб, Б.О. Бухорога қайтган. Хотинига ишончи йўқолганини айтиб, уни ўзига хиёнат қилганликда айблаган. Хотинидан ажрашиш учун ариза беришини билдирган. Эр-хотин ўртасида жанжал келиб чиққан. Бу пайтда фарзандлари ҳовлида бўлмаган. Рашк туфайли келиб чиққан жанжалда жаҳлланган эр хотинидан ўч олиш пайига тушган. Ётоқхонага кириб кетган хотинининг кўкрак қисмидан итариб юборган ва бир ёстиқни олиб, унинг бош-юз қисмига босиб туриб, бўғиб ўлдирган. Хотинини ҳушдан кетди, деб ўйлаб хонадан чиқиб кетган. Ва тўғри туғишган акасининг уйига бориб, унга воқеани гапириб берган. Укасининг ҳатти-ҳаракатидан хавотирланган ака жиянига қўнғироқ қилиб, янгасининг аҳволини сўраган.
«Рашк туфайли жаҳлланганим, ўзимни йўқотганим рост. Аммо, ўлдириш ниятим йўқ эди. Мен уйдан чиқиб кетаётганимда, уни ҳушдан кетган, деб ўйлагандим»,-дея иддао қилган О.Б. суд-тергов давомида.
Марҳуманинг яқинлари эса: «Агар куёв қизимизни ҳушдан кетди, деб ўйлаган бўлса, нега унда кун жазирамасида устига кўрпа ёпиб қўйган. Нега ўғли онасининг ўлиб ётганига гувоҳ бўлганида, бошининг устида ёстиқ бўлмаган? Унинг ўлганига ишонч ҳосил қилгач, айбни ўзидан соқит қилиш мақсадида ўлими сабабини қандли диабети ёки иссиқда нафас олиши оғирлашганга чиқариш учун қасддан шу сохта тасвирни саҳналаштирган. Ваҳоланки, қўл изи қолмаслиги учун у қизимизни ёстиқ билан бўғиб ўлдирган ва ёстиқни қизимизнинг бошини тагига қўйиб кетган»,-дейишган суд давомида.
О.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан ўн йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Унинг жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter