«Жасади икки кун машинада сақланган аёл»га оид хабарлар бўйича дастлабки ахборот берилди
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Тошкентда эр аёлини ўлдириб, жасадини икки кун машинасида сақлаб юргани ҳақидаги хабарларга қисман ойдинлик киритилди.
Xabar.uz сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, воқелик кеча ёки ўтган куни эмас, икки ярим ой бурун – 10 июнь куни содир бўлган. Яъни, ўша куни пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи 35 ёшли Д. К. чап тухумдон кистаси ёрилиши натижасида ички қон кетишидан вафот этган. Экспертиза текшируви жараёнида марҳуманинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Воқелик юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилиб, Яккасарой туман прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Туман прокуратурасининг ушбу қарори барвақт қабул қилингани сабаб жорий йилнинг август ойи бошида бекор қилиниб, айни пайтда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Айни жараёнда ўлимга сабаб бўлган ҳолатларга янада аниқлик киритиш учун судга оид комиссиявий экспертиза тайинланган.
Экспертиза хулосасидан келиб чиқиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Бундан ташқари, марҳуманинг жасади «икки кун мобайнида машинада сақлаб юрилгани» эҳтимоли жуда паст экани ҳам таъкидланмоқда. Чунки, жазирама иссиқда инсон жасади икки кунлаб машина салонида олиб юрилиши (ёки сақланиши) соғлом тасаввурга тўғри келмайди. Дастлабки хулосаларга кўра, ижтимоий тармоқларда акс этган лавҳа марҳуманинг жасади экспертизадан яшаш хонадонига олиб келинган вақтда тасвирга олинган.
Бундан кўринадики, ижтимоий тармоқларда ҳолат жуда бўрттириб юборилмоқда.
Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ушбу ҳолат бўйича қўшимча терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter