Аёл ҳайдовчига тегишли «Gentra» тошбўрон қилинди
Ижтимоий тармоқларда номаълум эркак «Gentra» автомашинасини тошбўрон қилиб, ойналарини синдираётгани акс этган видео тарқалди.
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, 2022 йилнинг 10 январь куни Олтиариқ тумани «Қапчуғай» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи М.Х. ўз хонадони олдида З.М., Г.К. ва С.М. исмли аёллар билан уй-жой масаласида жанжаллашиб қолган.
Жанжал вақтида аёллардан бири М.Х.га тегишли Matiz автомашинасининг ойналарини синдириб, зарар етказган. Шунинг учун М.Х. аёлларга тегишли «Gentra»ни тош билан уриб, ойналарини синдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан тайинланган судга оид тиббий экспертиза хулосасида беш нафар фуқаро енгил тан жароҳати олгани қайд этилган. Терговга қадар текширув давомида Matiz автомашинасига 1 миллион 547 минг 709 сўм, «Gentra»га эса 8 миллион 964 минг 254 сўм миқдорда зарар етказилгани аниқланган.
Фуқаролар М.Х., С.М., Г.К. ва З.М.нинг ҳаракатларида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси (енгил тан жароҳати етказиш) ва 61-2-моддаси (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш)даги маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари борлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судига юборилган.
Бундан ташқари, томонлар ўртасидаги мол-мулк масаласи юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter