Андижонда темир йўл станцияси бошлиғи қўлга тушди
Андижон вилояти Избоскан тумани темир йўл станцияси тасарруфидаги ер майдонини сотмоқчи бўлган раҳбар ушланди, деб хабар берди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда Давлат хавфсизлик хизматининг Избоскан тумани бўлимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Пойтуғ темир йўл станцияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Э.А. фермер хўжалиги раҳбари ва унинг акасига Избоскан тумани темир йўл станцияси тасарруфидаги ер майдонлари ҳисобидан жами 0,20 гектар ерни юқори лавозимларда ишловчи таниши орқали ажратиб бериши ва келгусида кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилгани аниқланган. Бунинг эвазига 8 минг долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter