Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хотиним чатоқ чиқди

Хотиним чатоқ чиқди

— Хотиним чатоқ чиқди, чатоқ, — деди ўзига ўзи Тўравой бошини чангаллаганча. — Шу ҳам ҳаётми? Қандай чидаш мумкин? Ишқилиб сабримга кўз тегмасин.

Бу хотин эрнинг кўнглига қараш, кайфиятини кўтариш деган нарсани ҳеч билмади билмади-да.

Мана, тунов куни уйга жуда чарча-аб келдим. Ўзиям тўртми, бешми бекат йўлни пиёда босдим-ов. Аслида биз томонга машина юрмайди эмас. Улови бор ярамасларнинг биронтаси ҳам тўхтамади. Биттаси сал секинлашган эди-ю, мастлигимни сезиб, «газ»ини босиб кетди. Лекин мен ҳам анойиларданмасман. Ҳайдовчини таниб қолдим. Барибир қўлимга тушасан-ку! Хуллас, хотиним эшикни очди ва индамай уйга кириб кетди. Тарбия кўрмаган. Салом йўқ, алик йўқ. Бир пачағини чиқарай дедиму, ўзимни босдим. Эр деган махлуқ, оила бошлиғи келди дейиш қайда? Қийналмай келдимми, кайфиятим қандай, айни пайтда нимани хоҳлаяпман?.. Булар билан умуман иши йўқ. Кўзимга қарагиси ҳам келмайди. Тўғриси, ўзимам ичволган одамнинг кўзи тугул, ўзига ҳам қарагим келмайди. Ана, яқинда туғишган укам ичволиб қўнғироқ қилганида «Ўзингга келганингдан кейин гаплашамиз» деб шартта гўшакни қўйдим. Аслида кайфим ошса, телефонимнинг пули тугамагунча ўзимам тинмасдан таниш-билишларга сим қоқавераман. Лекин мен, мен… ҳалиги… а, каттаман-да. Фақат зарур иш билан қўнғироқ қилсам кераг-ов. Очиғини айтай, эртасига биронта суҳбатни эслай олмайман. Ана, яна ўтлаб кетдим.

Уйга кирсам, хотин болаларнинг дарс тайёрлашига қарашаяпти. Ҳа бу кап-катта болаларни тинч қўй. Мустақил бўлишсин. Майли, кичкинаси 1-синфда. Каттаси-чи? 3-синфда-я. Қадим замонларда ўн ёшлигида мамлакатни бошқарган болалар бўлган. У боланинг кимлиги ҳозир аниқ эсимда йўқ. Хуллас, эркин бўлишга, улғайишга имкон бериш керак ёшларга. Тўғри, хотиним ҳаш-паш дегунимча индамайгина чой-пойимни тайёрлаб берди. Лекин бир оғизам ширин сўз қилмади. А-а, бизда ҳам кўнгил, юрак бор. Яхши кайфият билан ейилган овқат танга шифо бўлишини бизам биламиз.

Яна бир гап. Қачон қарама, хотинимдан ё мол-ҳол, ё доғланмаган мой ҳиди келади. Наҳотки шуни ўзи сезмаса? Масалан, мен ҳиди ўткир нарсаларга жуда сезгирман. Бирон зиёфатда қуйилган ароқ ҳидидан унинг нархи ва қайси дўкондан олинганини биламан. Талантимга ўзимам қойилман. Эҳтимол, ўзингдан ҳам ароқ ҳиди келади дерсиз? Ана, хориж киноларида қадаҳ кўтариб юрган эркаклар атрофида чиройли аёллар парвона бўлиб юради-ку. Нега бизда ундай эмас? Ё бу шунчаки киномикан-а?

Хотиним менга кўпинча «Нега бунча кўп ичасиз?» демоқчи бўлгандек туюлади. Бу бефаросат билмайдики, мен шу пайтгача бирон марта ўзим учун ичмадим. Ҳамиша оилам, жамият, инсоният, келажак учун ичаман. Болалар, қариндошлар, ота-оналар соғлиғи ва бахтини кўзлаб қадаҳ кўтараман. Ҳатто етти ёт бегоналарга ҳам соғлиқ тилайман.

Баъзиларнинг мени орсиз деганларини эшитганман. Бўлмаган гап! Орим жуда кучли. Текинга ёки чақирилмаган зиёфатда умуман ичмайман. Фақат ўз пулимга. Хотиним топгани ҳам оиламизники, демак, меники.

Кейинги пайтларда мени иссиқ-совуқ қилишган бўлса керак деган тахминга бораяпман. Акс ҳолда бундай хўрланишларга, бераҳм, бефаҳм ва бемеҳр аёлга жимгина чидаб ўтиролмасдим…

Э-э, майли, бир гап бўлар, бошим ҳам ғовлаб кетди. Оилам, бутун олам тинч бўлсин. Қани, қани…

Тўлқин Жуманазаров

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг