Ўзгача илтифот (ҳажвия)
Эшмат 45 ёшда. Тўртта фарзанди ва битта хотини бор. Улар қишлоқда яшашади. Хориж киноларига ишқибоз акамиз анчадан бери бир нарсани амалга оширишни ўйлайди-ю, ҳеч журъати етмайди.
Хуллас, меҳрибон эр хотини учун тайёрлаган нонуштани ётоқхонага олиб кириб бериш саҳналари тинчлик бермасди, унга. Бир томондан аёлини лол қолдирай дейди-ю, бошқа томондан қаралса, жа-а-а ғалати-да. Шундай пайтда ўзини ташқаридан кўрмоқчи бўлади, худди кинодагидек. Қараса, беўхшов қорин қўйган, тепакал ва катта мўйловли эркак патнис кўтарганча оёқлари учида ётоқхонага кириб кетяпти. Сюрприздан олдин хотини уйғониб кетса бўлмайди-да. Қолаверса, болалари отасини бундай аҳволда кўрса, нотўғри тушунишлари мумкин...
Хаёл сураркан, гўё улардан кимдир хабардор бўлиб қолишидан чўчигандек атрофга қараб-қараб қўйди. Хайрият, ҳеч ким сезмади. Ички курашда барибир ёстиқдошига ўзгача илтифот кўрсатиш хоҳиши устун келди. Тайёргарлик ишлари бир кун олдин, кечки пайт бошланди. Эшмат ака уйдагиларга билдирмасдан дўкондан қиммат шоколад, алламбало қаҳва, ўзлари камдан-кам ишлатадиган қоғоз салфетка ва яна нималардир харид қилди. Уйга келса, анчадан бери меҳмон бўлишни ваъда қилиб юришган қайнота-қайнонаси келибди. Қандай хурсандчилик. Аммо эртанги режа нима бўлади? Бу ёғи энди таваккал. Қарор қатъий. Ва у ижро учун қабул қилинган.
Кечаги харид яширилган жойдан олинди. Кап-катта патнисга бир амаллаб нонушта тайёрланди. Режанинг бу қисми ҳар қалай осон кечди. Мураккаби олдинда: кўпчилик барвақт турадиган уйда билдирмасдан ётоқхонага кириб кетиш. Ҳа, айтганча, акамиз куйиб-пишиб ошпазлик қилаётганда унинг қайнонаси билдирмайгина ташқарига чиқиб-киришга ҳамда ошхонадаги воқеага ҳайрон бўлишга ҳам улгурди.
Патнис қўлда. Қадамлар оҳиста. Мана, ётоқхона эшиги. У аста очилиб, ичкарига кирилса, марра забт этилади.
Сал нарироқда эса ҳар нарсага, айниқса бундай кутилмаган кўринишга қизиқаётган қайнона эшик тирқишидан билдирмайгина кузатиб турибди. Во-ажаб. Қўрс куёви элликка кириб эрий бошлабдими? «Ошхона ҳақиқий эркаклар жойи эмас», дейдиган одамми шу, патнис кўтарган?
Ҳаяжондан терлаб кетган хонадон соҳиби ётоғига кирди, ниҳоят. Хайрият, хотин уйқуда. Шу жойига келганда, умумий кўриниш кинодагидек бўлмаётгани сезилди. Фильмларда ихчамгина патнис оёқчали бўларди-ку. Қўлидаги, ярим хонтахтани эгаллайдиган матоҳни қандай жойлаштиради энди? Вазиятдан чиқиш керак. Ҳовлида ишлатиладиган кичикроқ столча келди хаёлга. Хуллас у ҳам бир амаллаб хонага олиб кирилди. Мана энди хотинни уйғотиб, сюрпризни кўрсатай деганда, қўл телефони жиринглади. Жавоб бермай деса, бошлиқ экан. Ташқарига чиқиб гаплашишга мажбур бўлди. Аксига олиб, суҳбат ҳам анча чўзилди. Гапни қисқа қилиш иложсиз.
Буёқда эса хотин уйғонган. Қараса, тоза кўрпа-тўшак устида ҳовлидаги лой оёқли столча. Унинг устида эса уйларидаги энг катта патнис. Унда бир неча хил шоколад ва ширинликлар, қайноққина қаҳва. Хўш, бу нимани англатиши мумкин? Татиб кўрай деса, ҳали бет-қўлини ювмаган. Бунинг устига болаларига доим дастурхон устида овқатланишни уқтиришарди. Аёл мушоҳадани давом эттирмоқчи эди-ю бугун кечроқ уйғонгани, уйида ота-онаси борлигини эслади...
Эшмат ака хонага келса, хотин ҳам, патнис ҳам йўқ. Аста ошхонага борди. Қайнона жўшиб нималарнидир гапирар, қайнота эса ҳар замон «йўғ-э», деб қўярди. Куёвини кўришгач иккиси ҳам ўрнидан тургудек, ўтирган жойини бўшатиб бергудек илтифот кўрсатишди. Анграйиб турган акамизни онахон шартта ёнига ўтқазди. Болажоним, дея қучиб, пешонасидан ўпди ва деди:
– Қизим ҳаммасини айтди. Бизни хурсанд қилай депсизда. Эрта туриб, дастурхон тайёрлабсиз. Сюрпризни хотинингиз қилгандай кўрсатмоқчи бўлибсиз-а, камтарин болам. Дадангиз ишонмади. Аммо мен ҳаммасини ўз кўзим билан кўрганимни айтдим. Шу фақат ётоқхонага столни нега олиб кирганингизни унча тушунмадим. Ҳа майли, барака топинг.
Эшмат ака эса биронта киносида бундай якун бўлмагани, экрандаги ҳаёт реалликдан фарқ қилиши ҳақида бир ўйлаб қўйди...
Тўлқин Жуманазар
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter