Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимнинг табаррук мушти (ҳажвия)

Ҳокимнинг табаррук мушти (ҳажвия)

Фото: Озодлик

—  Вой, дадажониси, сизга нима қилди? Қайси оғзидан қони келгур сизни бу кўйга солди! Ҳа, сизни урганнинг қўллари акашак бўлсин-а! Шунақаям урадими, дабдалангизни чиқарибди-ку! Энди нима қиламан, «Тез ёрдам» чақирайми? Ҳозир...

— Тўхта, ҳеч қандай тез ёрдам керак эмас, —  деди Соли фермер инқиллаб. — Хотинжон, мени калтак еганимни ҳеч кимга айтма, биров билмасин, ими-жимида даволанаман, тушундингми?

— Нима ундай дейсиз, сизга қўл кўтарган ўша зўравонни ёқасини йиртмасам мен Норгул отимни бошқа қўяман. Айтинг, ким у? Ҳов, анави ҳар куни ичиб юрадиган Шариф шеф урдими? Нега яширасиз? Ор борми сизда? Қани сиздаги йигитлик шаъни, ғурури? Наҳотки, калтак еб, тағин қуёндай писиб ётсангиз?

— Ор ҳам, номус ҳам йўқ менда! Ғуруримни ҳам шу 20 гектар ер учун қанча топташса ҳам розиман! Нима қилай, сени деб, бола-чақани деб ору ғуруримдан айрилиб турибман. Туман ҳокими «пиллани нега бажармадинг?» деб тарсаки туширганида, оч биқинимга тиззаси билан урганида 20 гектар ер қўлдан кетмасин деб жим ўтирдим. Пилла планини тўлдирмаган, ғўзасини ўт босган фермерларни қатор қилиб, бир бошидан ҳоким дўппослаганида ҳаммаси жим таёқ еяверса-ю, битта мен ору номусим учун ҳокимни қўлини қайтараманми?  Қайтарсам биласанми, нима бўлади? Ер қўлдан кетади. Ердан-ку, барака топаётганим йўқ, шу атрофига 4-5 бош қорамол боқаяпман- ку, 15-20 бош қўй-қўзи шу ер четида кўпайиб юрибди. Ғаллани давлат олаётган бўлсаям, сомонини сотаяпман. Пахтани давлатга топшириб, ғўзапоясини сотиб тирикчилик қилаяпман-ку! Хотин, биласан-ку, муштим зарбини! Ҳокимни бир урсам ўрнидан тура олмай қолади. Замон кўтармайди- да. У ҳокимда, йўқса, ўзим билардим нима қилишни.

— Жим бўлинг, дадаси, жим бўлинг! Гапингизни ҳеч ким эшитмасин. Сизни ўзим даволайман. Ҳеч нарса қилмайди, ҳокимни ўргани сийлагани. Унинг табаррук қўллари сизга тегибдими, буям бир омад!

— Ҳой, қўшни, ким бор!

 — Хотин, қара, қўшнинг Назира жағ-жағ келди- ёв.

— Норгул қўшни, боя «ҳа сизни урганнинг қўллари синсин» деб бақираётувдингизми?

— Йўғей, нималар деяпсиз, хўжайинни ҳеч ким ўргани йўқ.

— Нимага яширасиз, туман ҳокими урибди-ку! Ана, бизнинг хўжайин ҳам инқиллаб ётибди ҳоким бовадан калтакни еб. «Соли фермерни ҳоким ерга уйкалаб тепди» деб айтди-ку! Шу жаҳлим чиқиб келаётувдим, қўшнижон! «Эксперт»ми пекстпертми қилиб, зўровон ҳокимнинг таъзирини бермаймизми? Нима, ёпиғлик қозон ёпиғлигича қолиб кетаверадими?

— Билмасам, дадаси «ҳеч кимга айтма» деяпти-ку! Бўлмаса, туну кун ухламай пилла боққандик. Режа тўлмай қолган бўлса, бизда нима айб? Нави яхши эмасдир. Барг етмагандир. Шунга фермерни тепкилаш шартми? Йўқса, пиллани ўз уйимизда боқдик-ку! Уйимизга боққанимиз учун ижара ҳақиям сўраганимиз йўқ. Электр энергияси ҳақини ўзимиз тўладик. Шаҳарда  «дом»ни ижарага бериш фалон пул туради. Биз эса меҳмонхонамизни бўшатиб, пилла боқдиг-а! Шу хизматимиз эвазига олганимиз калтак бўлди, қўшнижон.

— Эшитдингизми? Плани тўлмаганларга ишбилармонлар «қорапўчок» (паст сорт пилла) сотаётган эмиш, —  деди Назира жағ-жағ. — Бизнинг хўжайин ҳам 3 миллион сўмлик ана шу пилладан сотиб олиб, планни тўлдирмоқчи. Агар ўзимизнинг шахсий жамғармамиздан пилла учун 3 миллион сўм сарфласак, уни боққандан бизга нима фойда? Қилган меҳнатимиз зое кетади-ку!

— Дадаси, маҳалланинг раиси Холмамат ака келди. Ҳамма калтак еганларнинг уйига кириб чиқаётган экан.

— Эй, Соливой, қалайсиз, нега тескарига ўгириласиз, менда нима айб, —  деди Холмамат раис. — Кўпга келган тўй, энди ҳокимам нима қилсин, шундай қилиб ишлатмаса ким ишлайди? Ҳамма фермер ўзбилармон бўлиб кетган. Даласини ўт босиб ётибди, пиллага қарамайди, шундай бўлгач, ҳокимнинг жаҳли чиқади-да. Қаттиқ гапиргандир, қўл кўтаргандир, шунга шунчами? «Онамиздан сўкди» дейсанми? Эй, Соливой, кошки сен бундай гапларни эшитмай юрган бўлсанг. Қўй шу гапларни, бўладиганидан гапир. Энди нима қилмоқчисан?

— Ҳаммасидан воз кечиб, Россияга кетмоқчиман, —  деди Соли фермер кўзига ёш олиб.

— Чакки қиласан. Фермер деган номинг бор, шунча ер сенга ишониб топширилган, ишни давом эттир. Мана, мен ёнингдаман, биргаликда ишлаймиз. Калтак еган фақат мен деяпсанми? Ахир мен ҳам бебаҳра қолганим йўқ. Анави фермер аёлга ҳоким шундай кўпол гап айтдики, эшитса илон пўст ташлайди-я! Шу аёл жим ишлаб юрганида сен Россияга кетмоқчимисан?

Холмамат раис ташқарига чиқар экан, ўзига ўзи деди:

— Калтак еган фермерларнинг ҳаммаси ишламайман деяпти, энди ҳокимга нима дейман?

                Фахриддин Бозоров

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг