Тошкентда автомашина олиш орзусидаги юзлаб киши алданди
Тошкент шаҳрида жуда кўп миқдордаги ноқонуний топилган маблағларни легаллаштириш ҳолатлари аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувларда фуқаро У.П. ва бошқалар 2022 йилда «I.A.» ва «A.A.» МЧЖни ташкил этишиб, 188 нафар фуқарога муддатли тўлов асосида автомашина етказиб бериш бўйича лизинг шартномаси асосида жами 9,8 млрд сўмини дастлабки тўлов сифатида қабул қилишиб, шундан 138 нафар фуқарога автомашина олиб бермасдан, мижозларнинг жами 946,2 млн сўмини пластик карталарига ўтказиб нақдлаштириб олганликлари аниқланган.
Худди шундай, «S.R.» МЧЖ масъул шахслари 98 нафар фуқаро билан муддатли тўлов асосида автомашина етказиб бериш бўйича тузилган лизинг шартномаси асосида жами 4,7 млрд сўмини дастлабки тўлов сифатида қабул қилишиб, шундан 1,5 млрд сўмини МЧЖни норасмий бошқариб келган Н.Т. ва бошқаларнинг пластик карталарига ўтказиб нақдлаштириб олганликлари ҳамда 462 млн сўмни «R.A.» МЧЖнинг низом жамғармасини шакллантириш учун ўтказиб, жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштирганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 188-1-моддаси (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) ва 243-моддаси(жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter