Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қидирувдаги «Malibu» Сўхда ушланди

Қидирувдаги «Malibu» Сўхда ушланди

Фото: МИБ

Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими иш юритувига фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг даъвогар «Савдогарбанк» АТ Фарғона филиали фойдасига Фарғона шаҳрида яшовчи қарздор У. С.дан 41 361 300 сўм кредит қарзини ундириш тўғрисида ижро ҳужжати келиб тушади.

МИБ матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, мазкур суд ҳужжати ижроси бўйича дастлаб қарздор У. С.га 15 кун ихтиёрий муддат белгиланади. Унга кредит қарзини тўлиқ тўлаши, аксинча, мажбурий ижро ҳаракатлари ўтказишнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилади. Бироқ, қарздор суд қарори ижросини бажаришдан бўйин товлашда давом этади.

Шунга кўра, жорий йилнинг 28 май куни унинг яшаш манзили кўздан кечирилади. Бу жараёнда унинг номига расмийлаштирилган «Malibu» русумли транспорт воситаси бошқа манзилга беркитиб қўйилгани маълум бўлади.

Қарздор огоҳлантиришларга қарамасдан, на қарзини тўлайди, на «Malibu»ни топширади.

«Malibu»га нисбатан эълон қилинган қидирув тадбирлари натижасида автомашина кутилмаганда 16 июнь куни Фарғона вилоятининг Сўх туманида ҳаракатланаётгани аниқланади ҳамда кўрилган тезкор чоралар натижасида фуқаро Н.М.нинг яшаш хонадонида ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳолда хатланади ва вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига олиб кирилади.

Қарангки, кредит қарзини тўлашдан бўйин товлаб келган қарздор У. С. ҳеч ким уни таклиф этмаган бўлса-да, Бюронинг Фарғона шаҳар бўлимига «ташриф» буюриб, кредит қарзини тўлиқ тўлаб беришини маълум қилади.

Табиийки, унга нисбатан суд қарори ижросини ихтиёрий бажаришдан бўйин товлаганлиги сабабли маъмурий жавобгарлик масаласи ҳам кўрилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг