Полковникка бириктирилган «Tracker» жарима майдонига тиқилди, аммо...
Ижтимоий тармоқларда давлат рақами 01 202 VSG бўлган Tracker автомобили йўл бўйлаб қарама-қарши ҳаракатлангани акс этган видеолавҳа тарқалди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, Tracker Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси иккинчи минтақавий ҳудуд раҳбари полковник Иброҳим Ҳасановга бириктирилган. Автомобилни ҳайдовчи Одил Сангилов бошқарган.
Мазкур хизмат автомобилида ўз вақтида қопланмаган қарздорлик борлиги аниқлангач, Тошкент вилояти ИИББ иккинчи минтақавий ҳудуд Оҳангарон шаҳар ИИБ ЙҲХБ Йўл-патруль хизмати инспектори томонидан «Оҳангарон Раҳмон транс сервис»га қарашли жарима майдонига қўйилган ва ҳолат бўйича хизмат текшируви бошланган.
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати сайтида келтирилишича, қоидабузар 01 202 VSG рақамли Tracker ЙҲХББ бошлиғи Олим Саидовга тегишли экани кўрсатилган маълумотлар пайдо бўлди. Унда автомашинанинг 148 миллион 499 минг сўм қарздор экани қайд этилган.
Тошкент вилояти ИИББ бу ҳолатга ҳам изоҳ берди.
«Чиндан ҳам бу машинада бартараф этилмаган қарздорлик мавжуд. Аммо маълумотда кўрсатилган сумма 3 баробар орттириб ёзилган. Ҳолат юзасидан тайинланган хизмат текшируви давомида мавжуд қарздорликларнинг келиб чиқиш сабаблари тўлиқ ўрганиб чиқилади», – дейилади изоҳда.
Эътиборли жиҳати, 148 миллион сўмлик жарима ҳақидаги маълумот ЙҲХББнинг ўзига тегишли. Аммо уни Тошкент вилояти ИИББ вакили инкор қилмоқда. Унинг айтганидек, жарима 3 баробар кам бўлганида ҳам 50 миллион сўмлик қоидабузарликка йўл қўйилган бўляптими, шунда? Катта эҳтимолки, вазият бироз юмшагач, ҳолат «бости-бости» қилиб юборилади.
Йўл хавфсизлигига масъул идораларнинг ўзлари ашаддий қоидабузар бўлса, бошқалардан нима кутиш мумкин?
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter