«Ажал жарчиси». Ўзбекистон шаҳарларида рухсат этилган тезликни 50 км/соатга камайтириш таклиф этилмоқда
Юртимизда йўл-транспорт ҳодисалари ва уларда ҳалок бўлаётганлар сони ошиб бормоқда. Бу ҳол кенг жамоатчиликнинг хавотирига сабаб бўлаётгани бежиз эмас. Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ тақдим этаётган кунлик, ҳафталик маълумотларни ўқиб юрагингиз орқага тортиб кетади. Ҳали Фарғонада, ҳали Қаршида, ҳали Тошкентда рўй бераётган авариялар неча-неча юртдошимизнинг жон ришталари узилишига сабаб бўлмоқда. Биргина 2020 йили юртимизда 6982 та ЙТҲлар содир бўлган, тўқнашувлар оқибатида 1962 киши ҳалок бўлган.
Жамиятни икки карра хавотирга солаётган жиҳат шуки, аварияларда ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган норасида болалар, навжувон йигит-қизлар ҳам бевақт ўлим топмоқда. Масалан, жорий йилнинг 4 ойи давомида болалар иштирокидаги ЙТҲлар сони 25,3 фоизга, уларда ҳалок бўлган болалар сони 64,5 фоизга ошган.
ЙТҲларни камайтириш хусусида сўз борар экан, шубҳасиз хорижнинг илғор тажрибасини ҳам ўрганиш лозим бўлади. Масалан, Буюк Британияда ЙТҲ оқибатидаги ўлим кўрсаткичи нафақат Европа, балки жаҳонда ҳам энг паст даражада қолмоқда. Аммо ярим аср аввал ҳам қиролликда бу борада аянчли ҳолат ҳукм сурар эди. Мамлакат йўл ҳаракати қоидалари бўйича жиддий ислоҳотлар олиб бориш орқали ўлим кўрсаткичини пасайтиришга, умуман, йўлларда темир интизом ўрнатишга муваффақ бўлди.
Британиялик транспорт ва йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича эксперт Ник Ридга кўра, муваффақият сири – комплекс ёндашувда. Британия бу борада тўрт «E» тамойилини амалга татбиқ этди: 1) ҳуқуқий таъсир чоралари кучайтирилди (enforcement); 2) муҳандислик-техник фаолият такомиллаштирилди (engineering), яъни йўллар янги ва илғор лойиҳалар асосида барпо этилди; таълим жараёни, ҳайдовчилар тайёрлаш тизими жиддий равишда ислоҳ этилди (еducation); авария юз берганда тез ёрдам (emergency care) кўрсатишнинг намунали тизими яратилди.
Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда ҳаракат пайти телефондан фойдаланиш ЙТҲлар сони ошишининг асосий сабаб-омилларидан бири бўлмоқда. Инглиз ҳукумати шу важга кўра ҳаракат пайти телефондан фойдаланган ҳайдовчиларга белгиланган жазо-таъсир чораларини кучайтирди. Ушбу ҳуқуқбузарлик учун минг фунтгача (тахминан 14,5 млн сўм) жарима қўлланади, аксар ҳолларда айбдор автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Эслатма ўрнида қайд этиш жоизки, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, транспорт воситасини бошқариш вақтида ҳайдовчиларнинг телефондан фойдаланиши базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳаракат маъмурий жазо қўлланганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт баравари миқдорида жарима солинади ёки у транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойгача муддатга маҳрум этилади.
Британиялик мутахассис Ник Риднинг таъкидлашича, автомобиль бошқаруви вақтида телефондан фойдаланиш кези келганда транспорт воситасини маст ҳолда бошқаришдан ҳам хатарлироқдир.
Британиядаги Мустақил транспорт комиссияси директори Мэттью Ниблетт фақат йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишни таъминлаш билан ЙТҲларда қурбонлар сонини камайтиришга эришиб бўлмайди деб ҳисоблайди. Таъкидланишича, бунинг учун ҳайдовчилар ўқитиш тизимида коррупцияга барҳам бериш, йўл қурилишидаги камчиликларни бартараф этиш, тез тиббий ёрдам ва бошқа хизматлар фаолиятини такомиллаштириш лозим.
Бутун дунёда, жумладан, юртимизда ҳам катта йўллардаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларида ҳалокатли авариялар кўп рўй беради. Буюк Британиядаги кенг полосали йўлларда тартибга солинмаган пиёдалар йўлаклари олиб ташланган, пиёдалар учун махсус кўприк ва тоннеллар барпо қилинган. Бу эса наинки пиёдалар хавфсизлигини таъминлайди, ҳаракат оқимини ҳам жадаллаштиради.
Инглиз ўлкасида транспорт воситаларининг тезлиги ҳам жиловланган. Аксар шаҳарларда рухсат этилган максимал тезлик 48 км/соатни ташкил этади, мактаб ва бошқа ижтимоий объектлар жойлашган ҳудудларда тезлик чеклови бундан ҳам паст.
Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатининг рухсат этилган энг юқори тезлиги 70 км/соатни ташкил этади. «Mening fikrim» порталида мазкур кўрсаткични шаҳарлар ва аҳоли пунктларида 50 км/соатга, боғча, мактаб, шифохона каби ижтимоий объектлар яқинида эса 30 км/соатга пасайтириш таклиф қилинган.
Аввал хабар берганимиздек, мамлакатимизда йўл ҳаракати соҳасидаги муаммоларни комплекс ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ фаолият бошлади.
Гуруҳ таркибига ҳукумат, ички ишлар, транспорт, молия вазирликлари, автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа мутасадди идора-ташкилотларнинг раҳбар ва малакали мутахассислари киритилган. Мазкур гуруҳ ЙТҲ қурбонлари сонини камайтириш бўйича илғор хориж тажрибасини ҳам ўрганади деган умиддамиз.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter