«Зулмат ичра нур» – Германия президенти инсониятни қутқарувчи куч ҳақида гапирди
Қоронғилик домида қолган бугунги кунимизни ёритувчи нажоткор куч бу – китоблардир. Бу ҳақда Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайер Франкфурт китоб кўргазмасидаги (Frankfurter Buchmesse) нутқида гапирди. Инсоният яна уруш билан рўбарў келган даврда рост сўзга бўлган эҳтиёж ошган, деб таъкидлади сиёсатчи.
«Шубҳасиз, айнан китоблар бизга оламни идрок этишга кўмак беради, борлиқни теран англашда фонус каби йўлимизни ёритади. Қолаверса, айнан китоблар бизни дунёга ва унинг аҳвол-руҳиясига танқидий нигоҳ билан қарашга ўргатади, мулоқотга, муҳокамага чорлайди», – деди Германия президенти.
Штайнмайер, айни чоқда, барча китоблар ҳам эзгуликка хизмат қилавермаслиги, бинобарин, ёвузлик, ёлғон ва адоватга етакловчи битиклардан эҳтиёт бўлиш кераклигини қайд этди.
Россиянинг Украинага босқини дунё ҳамжамиятининг хавотиру ташвишига сабаб бўлаётган фожиалар сирасига киради. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнганидек, Украинадаги қирғинбаротда бошқа фуқаролик объектлари қаторида кутубхоналар, нашриётлар, маърифат масканлари ҳам вайрон бўлмоқда. Германия президенти ўз нутқида ушбу масалага эътибор қаратар экан, халқаро ҳамжамият Украина ноширлик соҳаси, китоб саноатини тиклашга кўмак кўрсатишга бурчли эканини таъкидлади.
«Украинага бу борада моддий кўмак кўрсатиш сув билан ҳаводек зарурдир. Негаки, бу том маънода ҳақиқатга хизмат қилади: ёлғон-алдовга қарши кураш, маърифатни устувор этишда дастак бўлади», – деди Франк-Вальтер Штайнмайер.
Франкфурт китоб кўргазмаси дунёдаги энг нуфузли тадбирлардан бири саналади. Пандемия билан боғлиқ икки йиллик чекловдан кейин бу йилги кўргазма нисбатан кенгроқ кўламда ташкил этилди. 19 октябрдан 23 октябрга қадар давом этган тадбирда 90 дан зиёд давлатнинг 4000 экспонати намойиш этилди. 172 минг квадрат метр майдонни эгаллаган залларда жаҳон адабиёти дурдоналари, бестселлерлар, ноширликнинг сўнгги ютуқлари тақдим этилди.
Украинага бостириб кирган Россия бу галги ярмаркага таклиф этилмади. Тадбирда иштирок этиш учун ариза берган Эрон давлати ҳам сўнгги лаҳзаларда унда қатнашмаслиги маълум бўлди.
Китоб ярмаркасида адабиётга энди кириб келаётган қаламкашлардан тортиб забардаст адибларга қадар – юзлаб ижодкорлар қатнашди. Кўргазма доирасида ноширлар, адиблар, таржимонлар, рассомлар, кутубхоначилар, китоб савдоси вакиллари, соҳа экспертлари учун илмий-амалий анжуманлар ташкил этилди.
Анъанага кўра ҳар йили Франкфурт кўргазмасига муайян давлат фахрий меҳмон сифатида таклиф этилади. Бу гал 200 га яқин ёзувчи-шоир Испания адабиётини тамсил этди. Кўргазмада Испания қироли Филипп VI ва қиролича Летисия ҳам шахсан қатнашди.
Халқаро кўргазма маъмурияти бу гал Украинага ҳам алоҳида ўрин берди. Зулмга қарши курашаётган мамлакатнинг 30 дан зиёд ёзувчи, ноширлари ўз ижодий ишларини намойиш этди. Кўргазма доирасида Олмон ноширлари мукофоти украиналик ёзувчи Сергей Жаданга топширилгани ҳам рамзий маъно касб этди.
Франкфурт китоб кўргазмаси 1949 йилдан бери ўтказилиб келади. Аммо унинг тарихи 500 йилдан ошиқдир. Кўргазма тарихи инсоният ҳаётида илк босма дастгоҳни ихтиро қилган Иоганн Гуттенберг номи билан боғлиқ. Олмон кашшофи Франкфуртга қўшни Майнц шаҳрида яшаган. Манбаларга кўра, Гуттенберг давридаёқ мазкур шаҳарда дунёдаги илк китоб кўргазмаси ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу нуфузли кўргазмада Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этиб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter