Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Зеленский ва Порошенко. Дебат қандай ўтди?

Зеленский ва Порошенко. Дебат қандай ўтди?

Украина президентлигига даъво қилаётган Петр Порошенко ва Владимир Зеленский ўртасида кеча асосий дебат бўлиб ўтди. Киевдаги «Олимпийский» стадионида бўлиб ўтган тортишув тафсилотлари билан қуйида танишиб олишингиз мумкин.

Дебат бошланиши олдидан Порошенко ўз тарафдорларини Майдан Незалежностида йиғди ва сўнгра Киев кўчалари бўйлаб стадион томон йўл олишди. Дебат бошланиши олдидан қоида тушунтирилди: ҳар бир номзод беш дақиқа нутқ сўзлайди ва рақибига савол бериши мумкин. Боз устига модераторлар ҳам ҳар бир номзодга учтадан савол беришади.

Дебат бошланиши олдидан модераторлар қуръа ташлашди ва унга кўра дастлаб сўз Зеленскийга берилди.

Зеленский аввало Порошенкони Евромайдан натижасида қўлга киритилган ҳокимиятдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш, Донбассдаги урушни бошлаш ва уни беш йилдан буён тугата олмасликда айблади. «Биз аввалги сайловда бошқа Порошенко учун овоз бергандик — яхши нотиқ, мутахассис ва молиячи учун. Аммо унинг ўрнига Петр иккинчини сайлаган эканмиз», — дейди Зеленский.

Порошенко эса ўз навбатида Зеленскийни Украина халқидан бекиниб юришда айблади. Шу билан бирга Украина армиясида хизмат қилишдан бўйин товлаганини ҳам таъкидлаб ўтди. «Ҳозир биз жуда чиройли қадоқланган, қимматбаҳо ва ялтироқ совғани кўриб турибмиз. Ҳамма унда ўзига керак нарсани кўради: солиқ камайиши, пенсия ошиши, Россияга қайтиш ва Европа томон ҳаракатланиш. Аммо бу шунчаки рўё», — деди Порошенко.

Шунингдек Порошенко Зеленскийни олигарх Игорь Коломойский билан яқин алоқада эканини эслатиб турган. Шоумен олигархга тегишли «1+1» телеканали билан мунтазам ҳамкорлик қилади.
Зеленский эса савол бериш ҳуқуқини қўлга киритгач, ундан қуйидагиларни сўради: «Қандай қилиб 24 денгизчини Керч бўғозига жўнатиш мумкин эди? Нима учун ноқонуний бойиш ҳақидаги қонунни бекор қилдингиз? Нима учун депутатлардан даҳлсизлик мақоми олиб ташланмади? Бу менинг саволларим, Петр Алексеевич, марҳамат, истаганингизни танлаб, жавоб беришингиз мумкин», — дейди Зеленский.

Порошенко Зеленскийга Украина армиясини замонавий қуроллантирганини пеш қилди: «Биз армияни қайта ташкил этдик. Сиз эса ўша вақтда чақириқ қоғози олмай, армиядан қочиб юргандингиз», - дейди Порошенко. 2014 йилда Украина армияси асосан собиқ совет давридан қолган қуроллар билан жанг қилар эди. Шу тариқа Порошенко рақибига Европа давлатлари ва АҚШдан ҳарбий техника сотиб олинганини эслатиб ўтди.

Порошенко Зеленскийни сиёсатчи сифатида тажрибасизликда айблади. Зеленский эса аксинча, Порошенкога бутун бошли мамлакат ишониб топширилгани, аммо у танишларига коррупция учун йўл очиб бергани ва газ ҳамда коммунал хизматлар учун тўловни оширганини айтиб ўтди.

Бунга жавобан Порошенко шундай деди: «Менинг дўстларимдан ҳеч ким коррупцияга алоқадор эмас. Кимдир дарҳақиқат айбдор бўлса, у менинг дўстим бўлмайди ва қамоққа тушади. Бу демократик давлатнинг принципидир».

Порошенко жавоб бериб бўлгани ҳамоно Зеленскийни яна олигарх Коломойский билан алоқада бўлишда айблади. Зеленский унинг Украина беш йилдан сўнг қандай ҳолатда бўлиши ҳақидаги саволига жавоб беришни истамади.

«Мени Коломойский билан алоқада айбладингиз, аммо Украинадаги телеканалларнинг барчаси олигархларга тегишли, Коломойский, Пинчук, Фирташ, Ахметов. Ҳурматли президент, эслатиб қўяй, ўз вақтида сиз ҳам мени Бешинчи каналга ишга таклиф этган эдингиз», — деди Зеленский.
Дебат давомида номзодлар тиз чўкишга қадар боришди. Хусусан, Порошенко Зеленскийга шундай савол берди: «Украинани фоҳишаликда айблаганингиз учун қачон кечирим сўрайсиз?»

Зеленский аввало бу гап унинг нутқидан қирқиб олинганини таъкидлади. У Майдан вақтида уруш тугаши учун Владимир Путин қаршисида тиз чўкишга ҳам тайёр бўлганини айтган эди. «Мен ҳозир ҳам ўз ўғлини қайта кўра олмайдиган ҳар бир она, ўз эрини қайта кутмайдиган ҳар бир аёл қаршисида тиз чўкишга тайёрман. Мен тайёрман ва мен тиз чўкаман. Сиз ҳам шундай қилинг», — деди Зеленский ва саҳна олдига ўтиб, тиз чўкди.

Порошенко эса орқасига ўгирилиб, саҳна ортида ўзини қўллаб турган Донбасс жангчилари ҳамда Украина байроғи томон тиззалашга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, Украинада президентлик сайловининг иккинчи тури 21 апрелда бўлиб ўтади. Айни вақтда Зеленский сўровномаларда устунлик қилиб турибди. Сайловчиларнинг 70 фоизи унга овоз беришини билдирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг