Зеленский Путин билан Ватиканда учрашув ўтказмоқчи
Украина президенти Владимир Зеленский Россия етакчиси Владимир Путинга Ватиканда учрашув ўтказишни таклиф қилди. Бу ҳақда у la Repubblica нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
«Бу ҳар жиҳатдан энг яхши жойдир. Ватикан ҳақиқатда тинчлик тўғрисида мулоқотлар учун қулай макон. Муқаддас Тахт (Ватикан ҳокимияти) — ҳар доим самарали воситачи ролини ўйнайдиган, холис ва можаро иштирокчиларининг ишончини уйғотадиган глобал ахлоқий ҳокимиятдир», — дейди Украина раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, воситачи тараф Россия ва Украинанинг келишувга эришишда етишмаётган ишончини таъминлайди.
Шунингдек, у Путин билан учрашув албатта бўлиб ўтишини таъкидлаб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Зеленский Путинга Донбасснинг уруш кетаётган ҳудудида учрашишни таклиф қилган, Путин эса ҳар қандай қулай вақтда уни Москвада қабул қилиши мумкинлигини айтганди.
Украина бош вазирининг ўринбосари Алексей Резников эса давлат раҳбари Москвага бормаслигини айтиб, барча музокаралар «норманд формати» доирасида ўтказилиши кераклигини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter