«Замонавий Туркия бренди» – Истанбулда янги кутубхона очилди
13 январь куни Истанбулда мамлакатдаги йирик маърифат масканларидан бири «Рами» кутубхонасининг очилиши маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этган президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон янги кутубхонани замонавий Туркиянинг навбатдаги бренди деб атади.
1757-1774 йилларда барпо этилган тарихий бино узоқ йиллар Усмонийлар давлати ҳарбий иншооти – казарма сифатида хизмат қилиб келган. Меъморий мажмуа сўнгги бир неча йил давомида капитал таъмирланди ва кутубхонага айлантирилди.
«Мамлакат тараққийси кўплаб соҳалар, жумладан, таълим, маданият ва санъат йўналишларини қамрайди. Биз шу боис ҳам таълим йўналишига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз», – деди президент Эрдўғон.
220 минг квадрат метр майдонни эгаллаган маърифат маскани айни пайтда 2,5 миллион китоб фондига эга. Туркия раҳбарига кўра, дунёнинг турли бурчакларидан яна миллионлаб китоб харид қилиниб, «Рами» кутубхонаси халқаро маданий марказга айлантирилади.
Кутубхона бир пайтнинг ўзида 4200 ўқувчини бағрига сиғдира олади. У етти ёшдан етмиш ёшгача – турли авлод ўқувчиларига мўлжалланган адабиётлар билан таъминланган. Мажмуада ҳатто болалар ўйнаши учун майдончалар ҳам барпо этилган.
Маълумотларга кўра, Туркия маданият ва туризм вазирлиги тасарруфида 1258 та жамоат кутубхонаси мавжуд. Туркия республикасининг 100 йиллиги муносабати билан яна 100 та янги кутубхона очиш режалаштирилган.
Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 20 февраль куни Туркия пойтахти Анқарада салжуқийлар, усмонийлар ва замонавий меъморчилик анъаналари асосида қурилган Халқ кутубхонаси очилган эди. Маҳобатли кутубхона китоб фонди (4 миллион босма нашр ва 120 миллиондан зиёд электрон файл) ҳамда хизмат даражаси бўйича дунёдаги энг улканларидан бири деб баҳоланган. Унинг очилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter