Йўталга қарши сиропдан 300 дан ортиқ ўлим қайд этилди – ЖССТ
23 январ, душанба куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) сифатсиз ва қалбакилаштирилган йўтал сироплари сабаб 7та мамлакатдан эътирозлар келиб тушганини, жумладан, уларнинг учтасида 300 дан ортиқ одамнинг ўлими қайд этилганини маълум қилди.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган болалардир.
«Сўнгги тўрт ой ичида қатор давлатлар болалар учун рецептсиз бериладиган йўтал сироплари таркибида этиленгликол ва диэтиленгликол моддаларининг мавжудлиги ёки шундай деб тахмин қилингани ҳақида хабар берган», – дейилади пресс-релизда.
Қайд этилишича, бу бирикмалар саноат эритувчилари ва антифризлар сифатида ишлатиладиган заҳарли кимёвий моддалар бўлиб, улар оз миқдорда ҳам одамлар учун ҳалокатли бўлиши мумкин.
ЖССТ берган маълумотга кўра, ўлим билан боғлиқ ҳолатлар Индонезия, Гамбия ва Ўзбекистонда содир бўлган.
ЖССТ тиббий таъминот занжирига алоқадор асосий манфаатдор томонларни зудлик билан ва мувофиқлаштирилган чоралар кўришга чақирди. Улар орасида ҳукумат ва тартибга солувчи органларни:
- ЖССТнинг соғлиқни сақлаш бўйича огоҳлантиришларида ўлим ва касалликнинг потенциал сабаби сифатида белгиланган ҳар қандай сифатсиз тиббий маҳсулотларни ўз бозорларида аниқлаш ва муомаладан олиб ташлаш;
- тегишли бозорлардаги барча тиббий маҳсулотлар ваколатли органлар томонидан сотиш учун рухсат этилганлигини, шунингдек ваколатли/лицензияланган етказиб берувчилардан олинишини таъминлаш;
- таваккалчиликларни ҳисобга олган ҳолда, халқаро нормалар ва стандартларга мувофиқ, ўз ваколатлари доирасидаги ишлаб чиқариш объектларини текширишни такомиллаштириш ва кўпайтириш учун тегишли ресурсларни ажратиш;
- бозор назоратини кучайтириш, хусусан тегишли бозорларда, шу жумладан норасмий бозорларда сотиладиган тиббий маҳсулотлар учун мақсадли хавф-хатарларга асосланган тестларни ўтказиш;
- сифатсиз ва қалбакилаштирилган дори воситаларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва/ёки улардан фойдаланишга қарши курашишга қаратилган қонунлар ва бошқа тегишли ҳуқуқий чора-тадбирларни зарур ҳолларда қабул қилиш ва амалга оширишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабр ойининг охирида Ўзбекистонда ҳам ушбу ҳолат қайд этилиб, ҳинд компаниясининг «Док-1 Макс» дори воситасини истеъмол қилган 18 нафар бола вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter