«Йўқотилган йиллар» президенти коррупциядаги айбловни инкор этмоқда
Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)нинг собиқ президенти Жейкоб Зума терговга жавобида ўзига қарши қўзғатилган коррупция бўйича айбловлар уни сиёсий саҳнадан олиб ташлашга қаратилган «фитна» эканини билдирди. Бу ҳақда «ВВС Africa» хабар берди.
Кеча, 15 июль куни Зума илк маротаба судда кўриниш берди — у президентлик даврида коррупция тармоғини бошқарганликда айбланмоқда.
Зума суд биносига кириб кетаверишда тарафдорлари томонидан олқишланган.
Эслатиб ўтамиз, 77 ёшли Жейкоб Зума 2018 йилнинг февраль ойида ЖАР президентлигидан истеъфога кетишга мажбур этилганди. Ўшанда унинг ўрнини Жанубий Африкада коррупцияга қарши курашишга ваъда берган ўринбосари Сирилл Рамафоса эгаллаганди. Рамафоса Зума президентлик қилган 9 йилни «йўқотилган йиллар» деб таърифлади.
Мавзуга оид: ЖАР ҳукмрон партияси фаоллари мамлакат президентининг истеъфосини талаб қилиб чиқди
Зумага қарши айбловлар унинг машмашали Гупталар оиласи билан алоқаларига бориб тақалади. Гупталар вазирлар маҳкамасидаги тайинловларга таъсир ўтказиш, турли алоқалари орқасидан давлат тендерларини ютиб олишда айбланганди. Қолаверса, Зума Ватсонлар оиласига қарашли «Bosasa» логистика компаниясидан пора олганликда ҳам гумон қилиняпти. Аммо айбловларни ҳеч бир томон бўйнига олгани йўқ.
«Мени худди коррупциячилар қиролидек айблашяпти», — деди Зума судья Рэй Зондо ўтказга суриштирув давомида.
«Мен ҳеч қачон улар билан ноқонуний иш қилмаганман. Улар бошқалар учун қандай бўлса, мен учун ҳам шундай дўстлар эди», — деди Зума Гупталар оиласи ҳақида гапираркан. У Гупталар, шунингдек, собиқ президентлар Нельсон Мандела ва Табо Мбекилар билан ҳам дўст бўлганини қўшимча қилди.
Жейкоб Зума ўзига қарши фитна ўнлаб йиллар давомида пишитиб келинганига урғу берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter