Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ёлғон саноати». Туркия президенти девони вакили виртуал оламдаги жиддий хатардан огоҳлантирди

«Ёлғон саноати». Туркия президенти девони вакили виртуал оламдаги жиддий хатардан огоҳлантирди

Фахриддин Алтун. Фото: AA

Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун глобал киберхавфсизлик бўйича янги тартибот яратиш лозимлигини таъкидлади. Бу ҳақда у Истанбулда бўлиб ўтган Стратегик алоқалар бўйича халқаро саммитда (Stratcom Summit'21) гапирди.

Профессор Алтун глобал ахборот макони, хусусан, ижтимоий тармоқларда рақамли хаос ва анархия вужудга келганини хавотир ила қайд этар экан, зудлик билан тартиб ўрнатилмаса, вазият янада қалтислашувидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, виртуал муҳитда адолатли тартиб-қоидани шакллантириш учун аввало кибермакондаги давлатлар ва жамиятлар ўртасидаги тенгсизликни бартараф этиш керак бўлади. Ф.Алтунга кўра, афсуски, ижтимоий тармоқларни назорат қилувчи йирик ширкатлар фақат моддий манфаатни ўйлаб, кўпинча тенгсизликни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Шунга кўра, у ахборий ширкатларнинг масъулияти ва жавобгарлигини оширишга ундаган.

«Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон дунё ҳамжамиятининг тақдири БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий беш аъзоси позициясига боғлиқ бўлиб қолиши хато эканини таъкидлаб келмоқда. Кибермакондаги вазият ҳам ўзгармоғи лозим. Ижтимоий тармоқнинг 3-5 та «барон»лари таъсирини йўққа чиқариш вақти келди. Туркия глобал киберхавфсизликнинг янги архитектурасини шакллантиришга ҳисса қўшмоққа тайёр», — деди Туркия президенти девони вакили.

Ф.Алтун, шунингдек, виртуал макондаги ахборий уруш ва хуружлар реал ҳаётда ҳам тўқнашувларга олиб келиши мумкинлигидан баҳс этди.

«Ижтимоий тармоқлардаги постлар радикаллашувга олиб келаётгани, ўта ўнг кучлар тегирмонига сув қуяётганига кўп бора гувоҳ бўлдик. Шу боис ҳам виртуал макондаги «қароқчилик»ни тўхтатиш, жиноий гуруҳларга қарши курашиш, жосуслик, саботаж ҳолатларининг олдини олиш керак. Бу эса барча давлатларнинг муштарак вазифасидир», — деди Ф.Алтун.

Туркия президенти девони вакилига кўра, ижтимоий тармоқда ёлғон саноати авж олган бугунги даврда одамларда танқидий ёндашув ва медиасаводхонликни шакллантириш ҳам муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Бундан аввалроқ профессор Ф.Алтун дунё бўйлаб муқаддас ислом динини обрўсизлантириш ва ёмонотлиқ қилишга уринишлар кучаётганидан огоҳлантириб, янглиш қарашларга барҳам бериш учун ОАВ кучидан самарали фойдаланишга чорлаган эди.

Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили дунё матбуоти гигантларидан бири – The New York Times газетаси Ф.Алтуннинг эътирозли мактуби ортидан ўз хатосини тўғрилаганди.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг