Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Японияда «Рэйва» бошланади. Балки тажриба ўрганишга борармиз...

Японияда «Рэйва» бошланади. Балки тажриба ўрганишга борармиз...

Фото: «RG»

«RG» хабар беришича, Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Йосихидэ Суге тўғридан-тўғри эфирда иккита чиройли иероглифни намойиш этди — «тартиб ва уйғунлик». Бу сўзлар тахтга ўтиражак янги императорнинг шиори.

Япониянинг навбатдаги, 248-императори ушбу шиор-нэнго остида ҳукмронлик қилади. Ворис шаҳзода, 59 ёшли Нарухито 2019 йилнинг 1 май санасида, Токио вақти билан қоқ пешинда тахтга ўтиради. Амалдаги император Акихито, сўнгги 200 йиллик тарихда илк маротаба, тахтни топширишини маълум қилганди.

Ҳар бир япон императорининг ўз шиори бўлган. Худди бошқа солномалар каби японларнинг ҳам ўз солномалари бор ва бу айнан муайян императорнинг ҳукмронлик даври билан ўлчанади. Масалан, ҳозир Японияда «Хэйсэй» («Тинчлик ўрнатилиши») даврининг 31-йили.

Янги шиор бир неча босқичда ишлаб чиқилди. Аввалига Япония бош вазири Синдзо Абэ таниқли хитой ва япон адабиёти, Япония ва Шарқий Осиё тарихи мутахассисларидан янги шиор борасида таклиф беришларини сўради. Кейин эса бу таклифлар Вазирлар маҳкамаси бош котиби Йосихидэ Сугэга топширилди. У олти мезон (шиорнинг мос мазмунга эгалиги, икки иероглифдан ташкил топиши, ёзиш осонлиги, ўқиш қулайлиги, илгари шиор сифатида ишлатилмагани, камёб сўзлиги) асосида якуний хулосани берди.

Янги даврнинг қандай аталиши тақдимотгача сир тутилди: уни фақат император Акихито, ворис шаҳзода Нарухито, бош вазир Абэ, бош котиб Суге биларди, холос. Японияликлар эса янги давр қандай аталаши юзасидан баҳсларга киришиб кетишганди.

Энди Япония ҳукумати ва компанияларда барча босқичларда шошилинч тарзда янги бланкалар, муҳрлар, тақвимлар, ҳайдовчилик гувоҳномалари ва бошқалар қайтадан тайёрланади. Ҳаммасида «Рэйва» сўзи бўлиши шарт. 27 апрелгача — императорлар алмашиниши муносабати билан ҳамма олтинчи майгача таътилга чиқиб кетадиган санагача улгуриш лозим.

Эътибор беряпсизми, шунча иш учун бир ой беришмади. Ҳолбуки Япониянинг аҳолиси қанча, компаниялари қанча?!. Аммо улгуришади. Мана нима учун улар а-анча илгарилаб кетишган. Чунки ҳаммаёқда тартиб бор, уйғунлик бор. Қисқаси, «Рэйва»!  


Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг