Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония исроилликларга қарши санкция жорий қилди

Япония исроилликларга қарши санкция жорий қилди

АҚШ ва ЕИ ҳам Ғарбий соҳилдаги зўравонларга қарши санкция жорий қилган.

Фото: AFP

Япония ишғол остидаги Фаластин ҳудудларида зўравонликнинг кучайишида Исроил маъмуриятини айбдор деб ҳисоблайди, дейди Кунчиқар ўлка ҳукумати бош котиби Ёсимаса Ҳаяси.

«Kyodo» ахборот агентлигига кўра,  Япония 23 июль, сешанба куни босиб олинган Ғарбий соҳилдаги зўравон шахсларга нисбатан илк бор санкция жорий қилди, хусусан, уларнинг активларини музлатди.

«Япония активларни музлатиш бўйича чора-тадбирларни оғишмай амалга оширади ва Исроил ҳукуматини қатъий равишда халқаро ҳамжамият, жумладан, «Катта еттилик» билан ҳамкорликда манзилгоҳлар қуришга буткул барҳам беришга чақиради», – дейди Ёсимаса Ҳаяси.

Сўнгги вақтларда Исроил ҳукумати Ғарбий соҳилда яшовчи фаластинликларга нисбатан зўравонлик қилиб келаётган яҳудийларга қарши чора кўрмаётгани, билъакс уларни дастаклаётгани танқидларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ўтган ҳафта БМТ Халқаро суди Исроилнинг Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусдаги манзилгоҳлар қуриш сиёсатини ноқонуний деб эълон қилди. Халқаро маҳкама Тель-Авивдан Фаластиннинг босиб олинган ҳудудларини бўшатиш, яҳудий келгиндиларини кўчириш ва оккупация сабаб етказилган зарарни қоплашни талаб қилди.

Жорий йил 19 апрель куни Исроилнинг энг яқин иттифоқчиси бўлмиш АҚШ ҳам Ғарбий соҳилда содир этилган зўравонликларга алоқадор ташкилот ва шахсларга қарши санкция жорий қилди. Тақиқ чораларига мувофиқ, яҳудий экстремистларига АҚШ виза бермайди, уларнинг маблағлари музлатилади. Қўшма Штатлар фуқароларига «қора рўйхат»даги шахслар билан тижорий алоқалар олиб бориш ман этилади.

Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Канада ҳам муштумзўрлик қилиб келаётган яҳудий келгиндиларига нисбатан жазо қўллади.

Исроил 1967 йилда босиб олинган Фаластин ҳудудлари – Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда кўп йиллардан буён ноқонуний яҳудий уйларини қуриб келади.

Исроилдаги Peace Now инсон ҳуқуқлар ташкилоти Бинямин Нетаняҳу ҳукуматининг ноқонуний тураржойлар қуриш ҳаракатини қоралар экан, бу орқали Ғарбий соҳилни бутунлай ишғол этиш кўзланганидан огоҳлантирган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2016 йил 23 декабрь куни қабул қилинган резолюциясида Исроилдан ишғол остидаги Фаластин ерларида ғайриқонуний тураржойлар қуришни буткул тўхтатиш талаб қилинган.

Ғазо секторида қонли қирғин давом этаётган бир пайтда Ғарбий соҳилда ҳам фаластинлик оилаларга нисбатан зулм ва зўравонлик кучайгани кузатилмоқда. Масалан, жорий йил март ойида юзлаб яҳудий келгиндилари томонидан Ал-Муғайир қишлоғига уюштирилган ҳужум оқибатида бир фаластинлик ҳалок бўлди, йигирмадан зиёди жароҳатланди. Экстремистлар фаластинликларга тегишли уй ва автомобилларга ўт қўйди.

2023 йил декабрь ойида Франция, Австралия, Бельгия, Канада, Дания, Финляндия, Люксембург, Нидерландия, Норвегия, Испания, Швеция, Швейцария, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи ҳам Ғарбий соҳилда экстремистик кайфиятдаги аҳоли томонидан фаластинликларга ҳужумлар мисли кўрилмаган даражада кўпайганидан чуқур хавотир изҳор этган ва Тель-Авивдан зўравонликларга чек  қўйишни талаб қилган эди.

Халқаро ҳамжамият эътирозларига қарамай, Тель-Авив маъмурияти Ғарбий соҳилда яҳудий уйларини қуриш ва келгиндиларни кўчириш учун тобора кўпроқ маблағ ажратмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг