Европада хавфли довул 16 кишининг бошига етди
2 ноябрга ўтар кечаси Атлантика океани устида вужудга келган ва 3 ноябр, жума куни Ғарбий Европа давлатларига ёпирилган “Киаран” довули ҳозирга қадар камида 16 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Италия ва Франция ноқулай об-ҳаводан энг кўп зарар кўрди. Белгия, Нидерландия ва Испанияда ҳам ўлим ҳолатлари кузатилди.
Айниқса, Франция ва Италияда кучли вайронагарчилик юз берди. Табиий офат оқибатида уч киши ҳалок бўлган Италиянинг Тоскана провинциясида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бир неча соат ичида минтақада ёғингарчилик даражаси 20 сантиметрга етди – бу тегишли ўлчовлар бошланганидан бери максимал кўрсаткич ҳисобланади. Дарёлар қирғоқларидан ошиб, яқин атрофдаги аҳоли пунктларини сув босди.
Флоренция, Пиза ва Прато чеккаларида ўт ўчириш хизмати сув босган туннелларда қолиб кетган ёки қулаган дарахтлар томонидан тўсиб қўйилган автомобилчиларни қутқариш учун ўнлаб операцияларни амалга оширди. Венецияда икки киши бедарак йўқолгани хабар қилинган. Расмийлар вазиятни “мисли кўрилмаган” деб атади ва жабрланган ҳудудларга бир неча миллион долларлик ёрдам юборилишини эълон қилди.
Францияда шамолнинг тезлиги километрига 210 метрга етган, довул оқибатида камида икки киши ҳалок бўлган, 47 киши эса жароҳатланган. 3 ноябр куни эрталаб мамлакатда ярим миллиондан ортиқ уй электр таъминотисиз қолган, уларнинг ярми – Бретанида. Ушбу провинцияда 2 ноябрга ўтар кечаси шамолнинг тезлиги соатига 200 кмга етди. Париж яқинида об-ҳаво шароити туфайли шаҳарлараро поездлар ҳаракати тўхтатилган.
Ғарбий Европанинг бошқа давлатларида ҳам ёмон об-ҳаво туфайли инсонлар қурбон бўлди. Хусусан, Белгиянинг Гент шаҳрида кўчада ўйнаб юрган беш ёшли украиналик бола устига дарахт тушиб кетган. Худди шу шаҳарда 64 ёшли Германия фуқароси қулаган дарахт остида вафот этди. Нидерландиянинг Венрай шаҳрида ҳам камида бир киши ҳалок бўлгани хабар қилинган. Германиянинг Гослар шаҳрида 46 ёшли аёл ҳам устига қулаган дарахт туфайли ҳаётдан кўз юмди.
Испания расмийлари 3 ноябр куни Басклар ўлкаси ва Галисияда энг юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилди. Мадрид марказида 23 ёшли қиз устига дарахт қулаши оқибатида вафот этди.
“Киаран” довули Болқон мамлакатларига ҳам ҳам салбий таъсир кўрсатган. Хорватия, Босния, Черногория ва Словенияда кучли шамол дарахтларни қулатиб, уйларнинг томларини учириб юборган.
Фавқулодда об-ҳаво Франция, Ирландия ва Буюк Британияда транспорт қатновига жиддий таъсир кўрсатган. Натижада чоршанба ва пайшанба кунлари кўплаб авиарейслар, поезд ва паром қатновлари бекор қилинган.
Мутахассислар яқин орада Европанинг Атлантика океани соҳилларидаги мамлакатларга яна бир кучли довул ёпирилиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Асосан Португалия, Испания ва Францияга хавф солиши кутилаётган “Домингос” довули пайтида шамол тезлиги соатига 150 километрга етиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter