Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Устаси фаранг! Бу аёл нафақат президент Макрон, балки бутун Европа учун «бошоғриқ» бўлиши мумкин

Устаси фаранг! Бу аёл нафақат президент Макрон, балки бутун Европа учун «бошоғриқ» бўлиши мумкин

2022 йилда ҳам дунё аҳли Макрон ва Ле Пен дуэлига гувоҳ бўлармикан?

Фото:«AFP»

2017 йили Франция президентлиги учун сайловда Эммануэль Макронга асосий рақиб бўлган сиёсатчи аёл Марин Ле Пеннинг рейтинги тобора ошиб бормоқда. «Harris Interactive» маркази ўтказган сўнгги сўровларга қараганда, агар президентлик сайлови шу кунларда ўтказилса, «Миллий якдиллик» ҳаракати раҳбари Марин Ле Пен биринчи турда Макронни доғда қолдиради: амалдаги президент 23-24 фоиз, унинг рақиби эса 26-27 фоиз овоз олади. Иккинчи турда эса Макронга 52 фоиз, Ле Пен эса 48 фоиз электорат ишонч билдириши мумкин.

Яқин-яқингача Эммануэль Макрон ҳамда мухолифи ўртасидаги тафовут жуда катта эди. 2017 йилги сайловда ҳам Макрон ишончли тарзда ғалаба қозонганди: у 66 фоиз овоз йиққан бўлса, рақиби атиги 34 фоиз электорат қўлловига эришган эди. Навбатдаги сайловга қадар бир йилдан кўпроқ вақт бор (президентлик сайлови 2022 йил апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган). Аммо овоз бериш муддати яқинлашгани сари орадаги тафовут шиддат билан қисқариб бормоқда. Нафақат «Harris Interactive» маркази тадқиқотлари, балки бошқа илмий муассасалар ўтказаётган сўровлар ҳам Макроннинг рейтинги тушиб бораётганини кўрсатмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, миллатчилик ҳамда айирмачилик руҳидаги чиқишлари билан танилган Марин Ле Пеннинг обрў-эътибори ошиб бораётганига амалдаги президентнинг муваффақиятсизлиги сабаб бўлмоқда. COVID-19 пандемиясидан фаранг ўлкаси жуда катта азият чекди. Иқтисодий-молиявий йўқотишлар жамиятнинг маънавий-руҳий ҳолатига ҳам кучли зарба берди. Пандемия гарчи табиий офат каби кутилмаган синов саналса-да, аҳоли орасида амалдаги маъмуриятга нисбатан ишончсизлик кучайди. Сўровларга кўра, 65 фоиз аҳоли Макрон пандемия даврида етарлича саъй-ҳаракат қилмаган деб ҳисоблайди. Марин Ле Пен эса мавжуд вазиятдан фойдаланиб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Францияда сўнгги вақтларда рўй берган терактлар ҳам амалдаги президент зарарига ишламоқда. Қўпорувчилар ҳаракатлари давом этаётган бир пайтда оддий аҳолига муҳожирларга қарши кескин сиёсат юритиш тарафдори бўлган Марин Ле Пен номзоди маъқул кўринмоқда.

Президент Макроннинг мамлакатдаги кўп сонли мусулмон жамоаси билан ҳам муносабатини ижобий баҳолаб бўлмайди. У ўтган йили ислом дини чуқур инқироз домида эканини даъво қилиб, мамлакатдаги мусулмонларни сепаратизмда айблади. Айни чоқда, дунёдаги бир неча миллиард мусулмон чексиз ардоқлайдиган Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) карикатура қилинган суратларни оммавий чоп этилишини оқлаб чиқди. Франция етакчисининг мазкур позицияси сабаб Покистондан Фаластинга қадар – дунёнинг ўнлаб мусулмон ўлкаларида норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Соғлом фикрли мусулмонлар зўравонлик, хунрезлик ва террорни кескин қоралаган ҳолда, Пайғамбарнинг муборак шахсиятига ҳақоратли муносабатда бўлиш асло қабул қилиб бўлмас ҳол эканини билдирди.

Халқаро босим ортидан президент Макрон француз матбуотида эълон қилинган карикатураларга нисбатан мусулмонларнинг туйғуларини тушунишини, аммо бу карикатураларни ҳукумат эмас, балки мустақил ОАВ чоп этганини айтди. Айни чоқда, у ўз мамлакатида эркин гапириш, ёзиш, мушоҳада юритиш ва чизиш ҳуқуқини ҳимоя қилажагини таъкидлади.

«Миллий якдиллик» ҳаракати раҳбарининг рейтинги ошиб бораётгани нафақат Э.Макрон, балки бутун Европа иттифоқи учун хавотирли ҳолатдир. Гап шундаки, миллийликни байроқ қилган Ле Пен ЕИ ҳамда евро ҳудудидан чиқишни ёқлайди. Агар тарих чархпалаги терс айланиб,  бир неча бор ирқий, диний нафрат қўзғашда айбланган сиёсатчи хоним давлат тепасига келгудек бўлса, бу расмий Брюссель учун катта даҳмаза бўлиши аниқ. Негаки, ЕИнинг ташкилотчиларидан бўлган Франциянинг тузилма таркибидан буткул чиқиши у ёқда турсин, иттифоқни қўллаб-қувватламаслигининг ўзиёқ «сиёсий зилзила»ларга олиб келади.

Боз устига, Марин Ле Пен миллатчилик руҳидаги сиёсати билан ўзи шундоқ ҳам пароканда бўлаёзган мамлакатда тафриқани янада кучайтириб юбориши ҳеч гап эмас. Энг сўнгги мисол: Ле Пен ўтган ҳафта жамоат жойларида аёлларнинг ҳижобда юришини тақиқлашни таклиф этди. У ушбу таклиф билан чекланиб қолмай ислом мафкураси ҳақида номақбул айбловларни ҳам илгари сурди.    

Аҳвол шу тахлит давом этса, келгуси йилдаги сайловда ҳам дунё Макрон ҳамда Ле Пен дуэлига гувоҳ бўлиши мумкин. Аммо фаранг ўлкасида кўп йиллар давомида ҳукмрон бўлиб келган ва сўнгги йилларда мағлубиятга учраган социалистлар ва республикачилар ҳам айни пайтда қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Мазкур икки партия бири глобаллашув, бошқа бири миллийлик ғояларини байроқ қилган рақибларига қарши тура оладиган муносиб номзод тайёрлаш устида бош қотирмоқда.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг