Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Умид» лойиҳасининг илк натижаси: Марс сайёрасидан умидбахш сурат келди

«Умид» лойиҳасининг илк натижаси: Марс сайёрасидан умидбахш сурат келди

24700 км баландликдан олинган суратда уч вулқон ҳамда Олимп тоғини кўриш мумкин.

Фото: БАА фазовий тадқиқотлар идораси

Бирлашган Араб Амирликлари томонидан Марс орбитасига учирилган «Ал-Амал» («Умид») зонди қизил сайёранинг илк суратини юборди.

24700 км баландликдан олинган суратда уч вулқон ҳамда Олимп тоғини кўриш мумкин. Сайёранинг шарқий қисмида, булутлар ортида эса Валлес Маринерис водийси кўзга ташланади. Марс сайёрасини телескоп ёрдамига кузатиб бораётган астрономларга ушбу манзара яхши таниш, аммо бевосита яқиндан олинган сурат алоҳида илмий аҳамиятга эгадир.

«Умид» зонди Марсга 1000 км масофага қадар яқинлашади. Қурилма энергия оқимининг атмосфера орқали ҳаракатини тадқиқ этади. Мазкур кузатув ва тадқиқотлар бир замонлар илиқ ва нам бўлган сайёра нега қуруқ ва совуқ маконга айланганини аниқлашга ёрдам беради.

БАА Марс сайёрасини илмий ўрганиш учун ўз миссиясини юборган илк араб мамлакати сифатида тарихга кирди. БААнинг фазовий лойиҳаси АҚШ олимлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Ҳозирга қадар қизил сайёрани ўзлаштириш ва ўрганиш борасида атиги 4 давлат (АҚШ, Россия, Ҳиндистон ва Европа иттифоқи) муваффақиятга эришган. Араб давлати эса «Марс мустамлакачилари» гуруҳининг бешинчи аъзосига айланди. Япониянинг бу борадаги уриниши муваффақиятсиз якунланган. Айни пайтда Хитой ҳам фазовий пойгага қўшилмоқда.

Марс сайёраси бир неча минг йилдан буён инсониятни оҳанрабо каби ўзига жалб этиб келади. Бундан 3500 йил илгари қадимги Миср ва Бобилда Марсни ўрганиш бошланган. Бир неча аср ўтиб мусулмон ҳамда ҳинд астрономлари ушбу сайёранинг ҳажми ва Ерга қадар масофани аниқлаганлар. 1610 йилда Галилео Галилей илк бор Марсни  телескоп ёрдамига кузатишга муваффақ бўлган. 1840 йилда Марс сайёрасининг илк харитаси яратилган. Тадқиқотлар асносида қизил сайёрада бир замонлар ҳаёт мавжуд бўлган деган фараз вужудга келган. Ўтган асрнинг ўрталаридан буён Марсдаги мавсумий ўзгаришлар, булутлар ва қум бўронлари мунтазам кузатиб келинмоқда. АҚШ етакчилигидаги мамлакатлар Марсга инсон парвозини амалга ошириш устида изланишлар олиб бормоқда.

БАА Марс сайёрасини ўрганиш учун ўз миссиясини юборган илк араб мамлакати сифатида тарихга кирди. Фото: “Reuters”

Марсни ўрганиш ҳамда ўзлаштириш дунёдаги йирик мамлакатларнинг ўзаро рақобатига айланмоқда. АҚШ томонидан учирилган «Perseverance» миссияси сайёрада инсоннинг яшаб қолиш имкониятларини тадқиқ этади. Фазовий тадқиқотлар борасида Қўшма Штатларни қувиб ўтишга уринаётган Хитой томонидан йўлланган Tianwen-1 экспедицияси ҳам Марсни колонизация қилиш йўлларини қидиради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг