Украина аскарининг боши узиб ташланган видео тарқалди: нималар маълум?
Интернетда бир вақтнинг ўзида икки даҳшатли видео пайдо бўлди: афтидан украиналик бўлган ҳарбий хизматчиларнинг боши танасидан узиб ташланган. Тахминларга кўра, ваҳший қотилликлар Россия ҳарбийлари томонидан содир этилган, деб хабар бермоқда BBC.
Биринчи бир ярим дақиқалик видеода оқ лентали (одатда Россия ҳарбийлари Украинада шахсини аниқлаш учун ишлатилади) ва ниқобли ҳарбий кийимдаги одамлар Украина нишони туширилган формадаги тирик одамнинг бошини кесиб ташлашган.
Улардан бири, эҳтимол, россиялик ҳарбий рация орқали музокара олиб боради ва иккинчисига (пичоқ билан қотиллик қилган) кўрсатмалар беради. Барча суҳбатлар рус тилида олиб борилади.
Сариқ лентали формадаги (Украина ҳарбийлари томонидан уруш пайтида фойдаланилган) асир ерга ётганича қичқиради ва раҳм сўрайди: «Оғрияпти! Йўқ!» Яқин атрофдаги одамлар пичоқ тутган шеригини олқишлайди.
Асирнинг тириклайин боши кесиб олинади, шундан сўнг: «Қопга тиқинг *****. Уни қўмондонга юборинг», деган ибора янграйди.
Видеонинг ҳақиқийлиги ҳали тасдиқланмаган. Видеода ёрқин яшил барглар кўрсатилган, шунинг учун ёзув ўтган йили амалга оширилган бўлиши мумкин.
Деярли бир вақтнинг ўзида тармоқда Украина кийимидаги боши кесилган аскарлар тасвирланган яна бир видео пайдо бўлди.
Кадрларда ҳалокатга учраган зирҳли машина ёнида ерда ётган икки боши кесилган жасадни кўриш мумкин. Ўлган аскарларнинг қўллари ҳам кесилган.
Россия телеграм каналлари видеони Бахмут ҳудудида« Вагнер» жангчилари томонидан суратга олинганини тахмин қилмоқда.
Украинанинг муносабати
Украина президенти Владимир Зеленский видеоларни шарҳлар экан, ҳар бир дунё етакчиси бу ваҳшийликка жавоб бериши кераклигини айтди.
«Дунёда ҳеч ким эътибордан четда қолдириб бўлмайдиган нарса бор: бу ҳайвонлар қанчалик осон ўлдиради. Украиналик маҳбуснинг қатл этилиши акс этган бу видеони дунё кўриши керак. Бу Россиянинг қандай бўлса, шундай видеоси... Бу эпизод эмас, аввал ҳам шундай эди. Бучада минглаб марта шундай бўлган... Биз ҳеч нарсани унутмаймиз ва қотилларни кечирмаймиз. Ҳаммаси учун қонуний жавобгарлик бўлади », деди у.
Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия ҳаракатларини Россияда тақиқланган террорчилик гуруҳлари билан солиштирди. Унинг таъкидлашича, ИШИДдан фарқли равишда Россия БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилади. «Россиялик террорчилар Украина ва БМТдан чиқариб юборилиши ва жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак», деб ёзди Кулеба твиттерда.
Чоршанба куни Украина хавфсизлик хизмати жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш билан боғлиқ уруш қонунлари ва одатларини бузиш моддаси бўйича тергов бошланганини эълон қилди.
«Биз бу йиртқич ҳайвонларни топамиз. Агар керак бўлса, биз уларни қаердан бўлмасин: ер остиданми ёки нариги дунёдан, олиб келамиз. Улар қилган иши учун албатта жазоланади», деди хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Малюк.
Россиянинг муносабати
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков видеога изоҳ берди: «Биз яшаётган сохта хабарлар дунёсида бу кадрларнинг ҳақиқийлигини текширишимиз керак».
«Биринчидан, видеонинг ҳақиқийлиги текширилиши керак. Албатта, бу даҳшатли кадрлар. Аммо у содир бўлганми ёки йўқми, кейин қаерда ва ким томонидан — текширилиги керак», деди Владимир Путиннинг расмий вакили.
Уруш тарафдори бўлган Россиянинг қатор телеграм каналлари украиналик аскарларнинг боши кесилган тасвирнинг эълон қилинишига вазминлик билан муносабат билдиришди. Баъзилар россиялик ҳарбийларнинг ўлдирилиши акс этган видеони эсладилар, бошқалари ўзларига «бу кимга керак ва нима учун бу видео ҳозир пайдо бўлди» деган руҳда савол беришди.
Тавсир бўйича Донбассда Россия томонида жанг қилаётган россиялик ҳарбий отряд командири Алексей Милчаков очиқроқ баёнот берди. «Ҳали бу каби видеоларнинг яна қанчаси аста-секин эълон қилинишидан ҳайрон бўласиз», дейилади «ДШРГ Русич» гуруҳининг телеграм каналида. Хабар смайлик билан бирга эълон қилинган.
Бу «Вагнер»чиларнинг ишими?
Gulagu.net инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Владимир Осечкиннинг сўзларига кўра, Россиянинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси украиналик ҳарбий асир эканлиги тахмин қилинаётган шахснинг видеотасвирга олинган қатлида иштирок этган.
Осечкин, унинг сўзларига кўра, Норвегияга қочиб кетган собиқ «вагнерчи» Андрей Медведев билан боғланган ва у видеода ўз хизматдошларини аниқлаган.
«У ўша ердаги хизматдошларини, «Вагнер» ХҲК жангчиларини ўзига хос чақирув белгилари, гаплашиш усули, рация орқали мулоқот қилишда овозидан аниқлади», деди Gulagu.net асосчиси «Ходорковский Live» Youtube каналининг эфирида.
БМТ Бош котиби «даҳшатга тушди»
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ҳарбий қатл видеосидан «даҳшатга тушди» ва айбдорлар жазоланишини талаб қилмоқда, — дейди БМТ Бош котиби матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
«Афсуски, бу алоҳида ҳодиса эмас», деб қўшимча қилди Дюжаррик. Ва у БМТнинг Украинадаги инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси ушбу даҳшатли видеолардан ҳайратда қолганини таъкидлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter