Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси юқори лавозимга тайинланди

Туркиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси юқори лавозимга тайинланди

Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясининг янги бош котиби Меҳмет Сурайя Эр (чапда) ҳамда Туркия парламенти раиси Мустафо Шентоп.

Фото: АА

Туркиянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Меҳмет Сурайя Эр Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясининг (TURKPA) бош котиби этиб тайинланди. Халқаро тузилманинг Туркистон шаҳрида (Қозоғистон) ташкил этилган 10-бош машваратида ушбу қарорга келинган.

Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси стратегияси келгуси 4 йил давомида расмий Анқара томонидан амалга татбиқ этилади.

2009 йил 3 октябрь куни Туркия, Озарбойжон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон етакчилари томонидан туркий тилли давлатларнинг ўзига хос иттифоқи — Туркий тилли давлатлар ҳамкорлиги кенгаши таъсис этилган.

Мазкур давлатлар ўртасида парламентларора алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси ҳам ташкил этилган. Халқаро ташкилотининг илк машварати 2009 йил сентябрь ойида Боку шаҳрида ўтказилган. Айни пайтда Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия Парламент ассамблеясининг аъзолари саналади. Венгрия ташкилот ишида кузатувчи мамлакат сифатида иштирок этмоқда.

Жорий йил июнь ойида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Тошкент шаҳрида Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеяси делегацияси билан учрашувда Ўзбекистон ҳам ушбу тузилмага аъзо бўлишга қарор қилганини маълум қилган.

Туркий тилли давлатлар парламент ассамблеясининг янги бош котиби Меҳмет Сурайя Эр мазкур халқаро тузилма фаолиятини янада жонлантиришга эътибор қаратилишини таъкидлаган.

2019–2021 йилларда Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасида фаолият юритган Меҳмет Сурайя Эр ўзбек тилини қисқа муддатда мукаммал ўзлаштиргани билан эҳтиром қозонган эди. Икки қардош халқ дўстлигини мустаҳкамлаш ҳамда таълим ва илм-фан ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси учун дипломатга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг фахрий профессори ва Тошкент давлат шарқшунослик университети фахрий доктори унвонлари берилган. 2012–2018 йилларда Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TİKA) вице-президенти лавозимида фаолият юритган М.С.Эр Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон маданияти, тарихини яқиндан ўрганган.

2019 йил 15 октябрда Боку шаҳрида ўтган Туркий кенгашнинг VII саммитида Ўзбекистон ташкилотининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилинди. М.С.Эр маҳаллий матбуотга берган интервьюсида Ўзбекистон қўшилиши билан Туркий кенгаш янада қудратли бўлишини таъкидлаган эди.

Умуман, Ўзбекистондаги элчилик фаолияти Туркия дипломатлари учун муваффақиятли кечиши кўп кузатилади. Масалан, М.С.Эрга қадар, 2016–2019 йилларда юртимизда элчилик қилган Аҳмет Башар Шен ўтган йили Туркиянинг дунёдаги асосий ҳамкорларидан бири — Германияга элчи сифатида юборилди. Сирасини айтганда, сўнгги икки элчининг юқори мартабага кўтарилиши расмий Анқара Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонага алоҳида эътибор қаратишидан далолат беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг