Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркияда БААнинг икки жосуси қўлга тушди

Туркияда БААнинг икки жосуси қўлга тушди

Фото: «Reuters»

Туркия ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатда хуфя иш олиб борган БААнинг икки агентини қўлга олди. Айни вақтда жосуслар саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлимига қай даражада алоқадор экани ўрганилмоқда.

Ҳар икки агент ҳам маълумот йиғиш мақсадида одамларни ёллаганини тан олган. Турк разведкасининг таҳминича, улар Туркияда истиқомат қилаётган араблар ҳақида маълумот йиғишга ҳаракат қилган бўлиши мумкин.

Қўлга олинганлардан бири 2018 йилнинг октябрида, Жамол Қошиқчи ўлдирилгани ҳамоно Туркияга келган. Туркия махсус хизмати олти ой давомида уни кузатиб борган ва кейин қўлга олган. Иккинчи агент эса сал кейинроқ келгани айтилмоқда.

Жамол Қошиқчи саудиялик журналист бўлиб, ҳукмрон подшоҳ оиласи, уларнинг давлатни бошқаруви тизими ҳақида танқидий мақолалари билан тилга тушган эди. 2018 йилнинг октябрь ойи бошида Саудия Арабистонининг Туркиядаги консуллик биносида журналистнинг жонига қасд қилинган. У бинога ўзи кирган, аммо қайтиб чиқа олмаган. Саудия Арабистони махсус кучлари журналистни қийнаб, сўнгра ўлдиргани хабар қилинган эди.

Қотиллик ҳақида гап кетганда асосий гумон валиаҳд шаҳзодага қаратилмоқда. Ва бу гумонларда мантиқ ва ҳақиқат учқунлари йўқ эмаслиги айтилади. Ижрочиларнинг бир қисми Саудия Арабистони валиаҳд шахзодаси Муҳаммад бин Салмон билан алоқадор бўлгани аниқланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг