Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия расмийси Исроилнинг алдов сиёсати ҳақида гапирди

Туркия расмийси Исроилнинг алдов сиёсати ҳақида гапирди

Халқаро ҳамжамият Исроил олиб бораётган алдов сиёсати, дезинформация кампаниясига муносиб жавоб бериш шарт, акс ҳолда бу Тель-Авивнинг жиноятларини яширишга йўл очади. Бу ҳақда Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун «Anadolu» ахборот агентлиги ташкил қилган «Ғазо секторида геноцид: янги далиллар» деб номланган анжуманда гапирди.

Туркия расмийсига кўра, Исроил айни кунларда Ғазо секторида Рим статутида қораланган жиноятларни, жумладан, геноцидни содир этмоқда.

«Геноцид бу шунчаки қатлиом эмас. Геноцид халқнинг моддий ва маънавий мавжудлигига кенг кўламли ҳужумдир. Исроил Ғазода одамларни оммавий равишда ўлдирибгина қолмай, минтақа аҳолисининг руҳий-маънавий мавжудиятига чек қўйиш мақсадида маънавий геноцидни ҳам амалга оширмоқда», – дейди Ф.Алтун.

Коммуникациялар бошқармаси раҳбари айни пайтда 1,5 миллион фаластинлик жон сақлаётган Рафаҳ шаҳрига Исроил томонидан ҳужумлар уюштирилаётганини мазкур сиёсатнинг яққол намунаси деб атаган.

Қайд этилишича, Исроил ўз жиноятларини яшириш мақсадида сохта маълумотлар тарқатиш усулидан фойдаланмоқда. Шунга кўра у ёлғон ахборотга қарши ҳақиқат ва фактлар орқали курашиш кераклигини уқтирган.

Ф.Алтунга кўра, кўпгина Ғарб оммавий ахборот воситалари зиддиятни Исроил манфаатларига кўра ёритиб, Ғазодаги фожиа ва геноцидни яширишга уринмоқда.

«Бундай оммавий ахборот воситаларида Фаластин халқи глобал миқёсда «бегона», «ўзга» ва «қолоқ» жамият сифатида намойиш қилинаётган бўлса, исроилликлар «прогрессив», «замонавий» ва «ғарб» вакили сифатида кўрсатилмоқда. Инглизча газеталарда исроилликларнинг ўлими «жиноят қурбони бўлди» дея ёритилаётган бўлса, Ғазода ўлдирилган бегуноҳлар учун фақат «ўлди» деган жумла қўлланмоқда, яъни қотилни яширишга ҳаракат бўлмоқда», – дейди нотиқ.

Таъкидланишича, фаластинликлар 75 йил давомида азоб чекаётган зулм ҳақида ҳеч қандай эслатма берилмагани ҳолда, Исроил давлатининг уйлар, шифохоналар ва мактабларни бомбардимон қилиши «ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи» деб хаспўшланмоқда. Ўз озодлиги учун курашаётган фаластинликларга дарҳол «терроризм» ёрлиғи ёпиштирилмоқда.

«Булар тасодифий янгиликлар эмас, балки мафкуравий мотивлар асосида ишлаб чиқилган стратегиялар инъикосидир», – деб ҳисоблайди сиёсатчи.

Аввалроқ профессор Алтун Ғазодаги урушда яҳудий давлати фаластинликларни инсонийликдан маҳрум қиёфада кўрсатишга уринаётгани, Ғарбнинг етакчи медиаширкатлари ҳам колониал тафаккур таъсиридан қутула олмаётганига эътибор қаратган эди.

Туркия расмийси, шунингдек, Фаластин–Исроил зиддиятида ҳақиқат томонда бўлишга чақирган.

Сўнгги вақтларда Исроил Ғазода ҲАМАСга қарши кураш баҳонасида мақсадли равишда геноцид амалга ошираётгани ҳақидаги айбловлар тобора баландроқ оҳангда янграмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йил 29 декабрь куни ЖАР Исроилни Ғазо секторида геноцид содир этишда айблаб халқаро маҳкамага мурожаат қилган эди. Яҳудий давлати ҳарбийлари 1948 йилда қабул қилинган Геноцид тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда, минглаб тинч аҳоли вакилларини қасддан қиришда айбланмоқда.

Халқаро суд 2024 йил 26 январь куни қабул қилган қарорга асосан, Исроилга Ғазода геноцид ҳаракатларининг олдини олиш ва гуманитар вазиятни яхшилаш учун барча чораларни кўриш мажбурияти юкланган.

Куни кеча Бразилия президенти Луиc Лула да Силва ҳам Исроилнинг сўнгги ҳаракатларини фашистлар Германияси етакчиси Адольф Ҳитлернинг яҳудийларга қарши жиноятларига қиёслади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг