Туркия раҳбарияти Ғазода журналистлар ҳалок бўлаётганини қоралади
Туркия раҳбарияти Ғазо ҳудудида журналистлар ҳалок бўлаётгани, уларга нисбатан зўравонлик ҳаракатлари содир этилаётганини қатъий равишда қоралайди.
Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтунга кўра, ҳақиқат юзага чиқишига тўсқинлик қилиш ва фактларни яшириш мақсадида мухбирларни нишонга олишни асло оқлаб бўлмайди.
«Жойларда мухбирлар, журналистлар ва ахборот воситаларига нисбатан зўравонлик ҳолатларидан чуқур хавотир ва қайғудамиз. Улардан баъзилари ҳақиқат йўлида ҳаётини йўқотди. Биз тинч аҳолига, жумладан, ҳамкасбларимизга қарши ҳужумлар ва қирғинларга қатъий қаршимиз... Ҳурматга сазовор ва муносиб журналистика соҳаси кенг жамоатчилик эътиборидан четда қолган ҳақиқатларни акс эттириш орқали тинчликка хизмат қилиши мумкин», – дейди профессор Фахриддин Алтун.
Туркия расмий мулозими ахборот кураши кучайган ҳозирги паллада ижтимоий тармоқларда сохта ва ёлғон ахборот тарқатиш авж олганини ҳам қайд этган.
«Биз барча оммавий ахборот воситалари ва мухбирларни нотўғри маълумот тарқатиш кампанияларига кўпроқ эътибор беришга ва бутун дунё бўйлаб жамоатчиликни манипуляция қилиш орқали ўз жанговар мақсадларига хизмат қилишга уринаётганларга нисбатан ҳушёр бўлишга чақирамиз», – дейди у.
Таъкидланишича, жасоратли журналистлар ҳақиқатни кўрсатиш учун ўз ҳаётини хавф остига қўйиб уруш майдонларида жонбозлик кўрсатаётган бир паллада таҳририятлар ёлғон ахборотдан эҳтиёт бўлмоғи лозим.
Туркия президенти девони вакили илғор ҳамжамиятни ҳақиқат ва тинчлик учун биргаликда ҳаракат қилишга ундаган.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Исроил армияси Ғазога авиаҳужумлар уюштира бошлаган 7 октябрдан буён 11 нафар фаластинлик журналист ҳалок бўлган, 20 нафари жароҳатланган. Икки ОАВ ходими эса бедарак йўқолган.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси сўнгги ўн кун ичида уч исроиллик ва бир ливанлик журналист ҳалок бўлганини маълум қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter