Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туркия Францияга «қора пропаганда» юзасидан хавотир билдирди

Туркия Францияга «қора пропаганда» юзасидан хавотир билдирди

Франциянинг Анқарадаги элчиси Эрве Магро (Herve Magro) Туркия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Суҳбат чоғи дипломатга Франциядаги айрим ҳукумат мулозимлари ва сиёсатчилар томонидан «Курдистон ишчи партияси»ни (PKK) қўлловчи «қора пропаганда» олиб борилаётгани юзасидан норозилик билдирилган.

Расмий Анқара француз ҳукуматига Париждаги элчихона орқали ҳам ўз хавотирини етказган.

Гап шундаки, жорий йил 23 декабрь куни 69 ёшли шахс Парижнинг асосан курд миллатига мансуб аҳоли яшовчи даҳасида оммани ўққа тутгани оқибатида уч киши вафот этган эди. Ушбу ҳодиса ортидан Париж кўчаларида норозилик намойишлари ва зўравонликлар рўй берган. Намойиш чоғи PKKни тарғиб қилувчи шиорлар янграган.

Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси PKK/PYD/YPG террор гуруҳи Париждаги нохуш ҳодисадан фойдаланиб, Туркияга қарши тарғибот олиб бормоқда ва зўравонлик ғояларини тарқатишга уринмоқда деб ҳисоблайди. Шунга кўра, Анқара Париждан террор гуруҳи томонидан амалга оширилган зўравонлик ҳаракатлари чуқур тафтиш этилиши ва «қора пропаганда»га чек қўйилишини сўраган.

PKK Туркия ва хорижда юзлаб бегуноҳ инсон ҳаётига зомин бўлган. Тузилма АҚШ, Европа Иттифоқи ва Туркияда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган. Ташкилот расман тақиқланган бўлса-да, унинг аъзолари Европа давлатларида фаолият юритиши айтилади.

Бошбошдоқлик ҳукм сураётган Суриянинг Туркия билан чегарадош каттагина ҳудудини PYD (Демократик иттифоқ партияси), YPG (Халқ мудофааси отрядлари) эгаллаган. Туркия раҳбарияти PKK ташкилотининг қўш қаноти саналган мазкур икки гуруҳ мамлакат ва минтақа тинчлигига таҳдид солаётганини айтиб келади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 13 ноябрь куни Истанбулнинг Истиқлол кўчасида мудҳиш теракт содир этилди. Портлаш оқибатида 6 киши вафот этди, 81 киши жароҳатланди.

14 ноябрь куни Туркия ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу бомбани қолдириб кетган шахс полиция томонидан қўлга олинганини маълум қилган.

ИИВга кўра, терговда ҳужум излари Сурияга олиб боришини кўрсатувчи далиллар мавжуд.

Туркия президенти девони расмий вакили Истанбулдаги теракт сабабларини очиқлар экан, Анқара билан дўстона муносабатларга ҳаракат қилаётган барча давлатларни террорчилар билан ҳар қандай шаклда алоқа қилишни тўхтатишга чақирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг