Трамп Украинага ёқмайдиган баёнот билан чиқди
AҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп РФ раҳбари Владимир Путин муваффақиятсиз давлат тўнтаришидан бир оз заифлашганини ва урушда музокаралар олиб бориш вақти келганини айтди.
«Мен бу беъмани урушда одамлар ўлиши тўхташини хоҳлайман», деди Трамп Reuters агентлиги билан телефон орқали суҳбатда.
Ҳозирда AҚШда президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан етакчилик қилаётган Доналд Трамп Киев расмийлари урушни тўхтатиш учун Украина ҳудудининг бир қисмини Россияга беришига тўғри келишини инкор этмади.
Трамп агар у президент бўлса, ҳаммаси музокараларга боғлиқ бўлишини, ўз ерларини фидокорона ҳимоя қилаётган украиналиклар катта мақтов ва ҳурматга лойиқ эканини айтди.
«Менимча, Қўшма Штатлар ҳозир қилиши керак бўлган энг муҳим нарса бу икки томонни бирлаштириш ва Россия ва Украинани яраштиришдир. Буни қилиш мумкин, икки томонни бирлаштириш ва тинчлик ўрнатиш вақти келди», — деди 2024 йилги сайловларда Республикачилар партиясидан президентликка номзод бўлишга умид қилаётган Доналд Трамп.
Украина расмийлари Москва билан музокаралар ўтказишнинг ажралмас шарти Россия қўшинларининг Украинанинг халқаро тан олинган ҳудудидан тўлиқ олиб чиқилиши эканлигини доимий равишда таъкидлаб келади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter