Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тўқаев савдо можаролари оқибатидан огоҳлантирди

Тўқаев савдо можаролари оқибатидан огоҳлантирди

Жаҳон иқтисодиёти яна тараққиёт ўзанига ўтиши учун янги парадигмалар ишлаб чиқилиши лозим. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев бу ҳақда Хитойнинг Хайнань провинциясида ўтказилган анъанавий Боао Осиё форуми очилиш маросимидаги нутқида гапирди.

Қозоғистон раҳбари геосиёсий беқарорлик, иқтисодий нотинчлик ва мисли кўрилмаган глобал мавҳумлик шароитида иқтисодий ўсиш хавф остида қолаётганига эътибор қаратди.

«Ўн йилликнинг ўрталарига бориб, глобал ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши сўнгги 30 йилдаги энг паст кўрсаткичда бўлиши тобора ойдинлашиб бормоқда. Жаҳон иқтисодиёти олдида турган жиддий муаммолардан бири етакчи давлатлар савдо муносабатларидаги кескинликдир. Протекционистик сиёсат ва авж олган савдо можаролари глобал таъминот занжирларини бузмоқда, иқтисодий ўсишни тўхтатмоқда ва инвесторларнинг ишончига рахна солмоқда. Демак, жаҳон иқтисодиёти тараққиётнинг янги парадигмаларига муҳтож. Бу муаммони ҳал этмаслик келгуси ўн йилликда имкониятларни бой беришга олиб келиши мумкин», – деди Қ.Тўқаев.

Сиёсатчи озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам гапирди.

«Дунё аҳолисининг тахминан учдан бир қисми ҳамон озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Марказий Осиёда буғдой етиштириш бўйича етакчи давлат бўлган Қозоғистон глобал озиқ-овқат барқарорлигини таъминлаш учун қишлоқ хўжалиги соҳасидаги салоҳиятидан фойдаланиш ниятида. Биз мақсадли дастурлар яратиш, қўшма агроинновацион марказлар ташкил этиш ва инновацион технологиялар трансфери орқали халқаро ҳамкорликни кучайтиришимиз керак», – деди Қозоғистон етакчиси.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг