Тўқаев Блинкеннинг ташрифи стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга туртки беришини айтди
Бугун, 28 февраль куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Остона шаҳрида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилди. Оқўрда матбуот хизматига кўра, Қ.Тўқаев Қозоғистон ва АҚШ ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама форматда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлаган.
«Сизнинг ташрифингиз стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга янги туртки бериш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Хавфсизлик, энергетика, савдо ва сармоя каби муҳим стратегик соҳаларда ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларига эгамиз. Биз бу ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёрмиз. Фурсатдан фойдаланиб, мустақиллигимиз, ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизни доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани учун АҚШга миннатдорлигимни билдираман», – деди Қозоғистон раҳбари.
Қ.Тўқаев АҚШ Қозоғистоннинг энг йирик инвестори сифатида 62 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритганини таъкидлаган.
Аввал хабар берганимиздек, бугун Остонада «C5+1» шаклидаги вазирлар йиғилишида бўлиб ўтади.
Қ.Тўқаев Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг ушбу учрашуви муҳим аҳамиятга эга эканини урғулаб, Вашингтоннинг мазкур формат доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини олқишлаган.
Ўз навбатида АҚШ давлат котиби Э.Блинкен Қ.Тўқаевга меҳмондўстлиги учун миннатдорлик билдирган ва президент Жо Байденнинг саломини етказган.
«Бизни мустаҳкам робиталар боғлайди. Бу алоқалар янада кучайиб бормоқда. Биз бу йўналишдан оғишмаймиз. Бундан ташқари, бугун Остонада Марказий Осиёдаги ҳамкорларни бир жойда жамлаганингиз учун сизга ва жамоангизга ташаккур билдираман. Умид қиламанки, биз ҳамкасбларимиз – ташқи ишлар вазирлари билан минтақани бирлаштириш, мустаҳкам ва яқин муносабатларни ўрнатишга қаратилган янада аниқ чораларни амалга татбиқ этамиз», – деган АҚШ давлат котиби.
Э.Блинкен АҚШ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари сифатида илк бор Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонга сафар қилмоқда. Давлат котибининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ушбу ташриф Марказий Осиё билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter