Тўфонлар номлари қандай белгиланади?
Айни пайтда «Florence» тўфони АҚШнинг ғарбий соҳилларига яқинлашаяпти. Кучли шамол ва ёмғир Шимолий Каролина штатидаги оролларга ўз таъсирини ўтказмоқда. Тўфон туфайли АҚШнинг бешта штати ва Вашингтон шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда «Euronews» хабар бермоқда.
Сўнгги йилларда «Maria», «Katrina», «Harvey», «Irma» ва «Jose» тўфонлари катта талафот келтиргани барчага маълум. Хўш, бу тўфонларга ном беришда нимага асосланилади? Одатда, тўфонларга кўпроқ нега аёлларнинг исми берилади?
Табиий офатлар, одатда, қаерда юзага келса, ўша жойнинг номи билан аталади. Лекин бир йилда икки марта такрорланадиган тўфонларга аёлларнинг исмини бериш Австралияда бошланган. Буни илк марта XIX асрнинг сўнгги йилларида Клемент Линдли Рагдж исмли метеоролог қўллаган.
Австралия қироллик метеорология ташкилоти аъзоларидан бўлган Рагдж тўфонларни номлашда полинезий ва юнон мифологиясидаги исмлардан фойдаланган.
1953 йилдан Америкада тўфонларни кузатган ва аҳолини табиий офатлар ҳақида огоҳлантирган АҚШ Миллий метеорология маркази тўфонларга ном беришда аёлларнинг исмидан фойдаланган.
1970 йилларда феминистлар бунга қарши чиқишиб, тўфонларда фақат аёллар эмас, балки эркакларнинг ҳам исмидан фойдаланиш зарурлигини билдиришди.
Шундай қилиб 1979 йилдан тўфонларга ном қўйишда эркак ва аёлларнинг исмлари қўлланила бошланди.
Тўфонлар номлари Бутунжаҳон метеорология ташкилоти томонидан 6 та рўйхат тузиб, киритилган. Ҳар йили кузатиладиган тўфонларга ташкилот рўйхатидаги номлар қўйилади. Бу рўйхатдаги исмлар олти йилда бир марта алмашади.
Агар бир тўфон жуда катта талофот келтирса, у тўфон номи рўйхатдан чиқарилади. Мисол учун, 2005 йили Американинг Янги Орлеан штатида кузатилган «Катрина» тўфони жуда катта талофот келтиргани учун рўйхатдан чиқариб ташланган эди.
АҚШда олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, аёлларнинг исми билан аталадиган тўфонлар эркакларнинг исми билан аталадиган тўфонлардан кўра кўпроқ талафот келтирар экан.
Иллинойс университетида олиб борилган тадқиқотларда 1950 ва 2012 йиллар мобайнида Америкада содир бўлган 94 та тўфон ҳамда улар келтирган зарарлар таққослаб чиқилди. Унга кўра, аёллар исми берилган тўфонларда ҳалок бўлган инсонлар кўпроқ экани маълум бўлди.
Аммо Атроф-муҳитни тадқиқ қилиш маркази бунинг тасодиф эканини айтмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter