Россиянинг махфий режалари ошкор қилинди
The Washington Post газетаси Россиянинг жанговар дронлар ишлаб чиқаришга доир махфий режаларидан воқиф бўлди.
Нашр қўлга киритган махфий ҳужжатларга кўра, 2025 йилда Россия Татаристондаги «Олабуға» махсус иқтисодий зонасида Эроннинг «Шаҳид» типидаги дронлардан 6000 та ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.
Чизмалар, битимлар, завод тарҳи, ходимларнинг сўзлашувларидан иборат махфий ҳужжатларни «Олабуға» махсус иқтисодий зонасида фаолият юритаётган ходимлардан бири газетага тақдим этган. У ушбу хатти-ҳаракатини Москванинг Украинага уюштирган босқинига қарши экани билан изоҳлаган.
Қайд этилишича, четдан эҳтиёт қисмлар олишдаги муаммоларга қарамай, Россия Эроннинг «Шаҳид-136» русумидаги учувчисиз парвоз қилувчи қурилмаларини ишлаб чиқариш борасида сезиларли ютуққа эришган. Рус муҳандислари Эрон қурилмаларини янада такомиллаштиришга уринмоқда.
Махфий ҳужжатларга мувофиқ, дрон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури учун дастлабки босқичда икки миллиард доллардан ошиқ маблағ ажратилган.
Ишлаб чиқариш жараёни уч босқичга бўлинган. Биринчи босқичда (2023 йил январь-июнь ойлари) Эрондан қисмларга ажратилган ҳолда келтирилган 600 та дронни «Олабуға» ҳудудида йиғиш кўзда тутилган.
Иккинчи босқичда қурилма корпусини ишлаб чиқарувчи корхона ташкил қилиш ва йил охиригача қадар 1332 та дрон ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Якуний босқичда эса, 2023 йил 30 июлга қадар қисман Эрон кўмагидан фойдаланиб, минглаб дронларни ишлаб чиқариш вазифаси қўйилган.
Экспертлар режа бир ой кечикиш билан ижро этилаётганини маълум қилган.
Дрон ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда эҳтиёт қисмлар топиш асосий муаммо бўлмоқда. 130 эҳтиёт қисмдан фақат 4 таси Россияда ишлаб чиқарилади. Аксар эҳтиёт қисмлар АҚШда ҳозирланади. Санкциялар эса уларни сотиб олишга монелик қилади.
Эрон «Шаҳид» дронларида Германиянинг Limbach Flugmotoren L550E типидаги двигатели нусхасидан фойдаланиши айтилади. Тахминларга қараганда, россиялик муҳандислар ҳам ушбу двигатель нусхасини тайёрлашга уринмоқда.
Ҳужжатларда дрон ишлаб чиқариш бўйича мутахассис етишмаётгани баён қилинган. Ҳозирга қадар юзлаб россиялик ходимлар Эронда малака оширган.
Ҳарбий экспертлар Россия Эроннинг «Шаҳид-136» дрони нусхасини ишлаб чиққанини маълум қилган. «Герань-2» деб аталган дрон 50 килогача портловчи модда билан уча олади.
Россия Украинага қарши урушда Эрон аслаҳалари, хусусан, жанговар дронлардан фаол равишда фойдаланаётгани хабар қилинган. Хусусан, The Guardian газетаси жорий йил февраль ойида катта радиусда парвоз қилувчи «Мужоҳир-6», «Шаҳид-191», «Шаҳид-129» каби дронлар етказиб берилгани ҳақида ёзган эди.
Россия камикадзе дронлар учун Эронга 140 миллион евро нақд пул тўлагани, шунингдек, уруш вақтида қўлга киритилган Ғарб қуроллари намуналарини бергани ўртага чиққан.
Эрон Россияга Украина урушида кўмак учун жанговар дронлар етказаётганини рад этиб келади. Расмий Теҳронга кўра, Москвага худкуш дронлар уруш бошлангунга қадар етказилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter