Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Тарихни қайта ёзманг!» – Путиннинг янги мақоласи Украинада эътирозларга сабаб бўлди

«Тарихни қайта ёзманг!» – Путиннинг янги мақоласи Украинада эътирозларга сабаб бўлди

Икки Владимир – Россия ва Украина президентлари ўртасида яна даханаки тортишув рўй берди. Фото: «Reuters»

Россия президенти Владимир Путиннинг «Руслар ва украинларнинг тарихан бирлиги ҳақида» деб номланган мақоласи ҳар икки мамлакатда қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Рус ва украин тилида эълон қилинган мақолада Путин икки халқ асрлар давомида якдил бўлгани, аммо айни пайтда Ғарб улар орасидаги дўстликка рахна солаётгани ҳақида ёзади.

Украина президенти Владимир Зеленский россиялик ҳамкасби мақоласига муносабат билдирар экан, икки халқ тарихий биродарлиги ҳақидаги фикрлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

«Қардош халқлар масаласига келсак, аввал ҳам айтганимдек, улар фашизм устидан қозонилган ғалаба, Иккинчи жаҳон урушида қанча украинлар ҳалок бўлганини унутиб қўйишади. Бошқа вазиятларда эса биродар халқ эканимиздан нақл қилишади. Мен буни қардошларча муносабат дея олмайман»,деган В.Зеленский.

В.Путин ўз мақоласида замонавий Украинанинг ташкил топиши СССР даври маҳсули эканини таъкидлайди. Қайд этилишича, Украинада туғилиб ўсган Хрушчев, Брежнев каби совет етакчилари украин маданияти ва ўзлигини ривожлаштиришга бош-қош бўлганлар. Мақолада, шунингдек, большевиклар чегараларни ўзбилармонлик билан ўзгартириб, Россия ҳудудини бошқаларга туҳфа қилиб юборгани, Россия ҳудуди талон-торож этилгани даъво қилинади.

Украина Миллий фанлар академияси Тарих институти илмий ходими, тарих фанлари номзоди Александр Алферов Украинага СССР ҳудуди туҳфа қилингани ҳақидаги даъвони манипуляция деб баҳолаган.

«1919-1920 йилларда большевиклар босиб олгунга қадар Украина ҳудуди Совет Иттифоқи таркибидан чиқаётган пайтдан кўра 200 минг квадрат метрга каттароқ эди. Ҳозирги Белгород, Куршина, Воронежчина ва Белгородшинанинг ғарбий қисми Украинага тегишли эди. Қрим ҳам Украинаники эди. Биз СССРга ихтиёрий равишда қўшилмадик. Балки большевиклар Россияси мустақил Украина давлатини босиб олди ва ҳудудимизни бўлиб ташлади», – дейди А.Алферов

Украина маданият вазири Александр Ткаченко Путин талқинидаги тарихга эътироз билдирди ва тарихни қайта ёзишга уриниш хатаридан огоҳлантирди.

Президент В.Путин 2020 йил июнь ойида «Россия. Кремль. Путин» номли ҳужжатли фильмда ҳам СССР таркибида бўлган республикалар Иттифоқ таркибидан чиқиш пайти ўзи билан Россияга тегишли улкан ҳудудларни олиб чиқиб кетганини даъво қилган эди.

Cиёсатшунос Камолиддин Раббимов бу ўринда Россия раҳбари Украина ва Қозоғистонни назарда тутганини тахмин қилган.

«Путин кечаги интервьюсида қаттиқ важоҳат билан «СССРга кириб, рус ерларини олиб чиқиб кетган» давлатлар ҳақида гапирди. Менимча, у Украина ва Қозоғистонни назарда тутяпти. Яқинда Тўқаев «Евроосиё иқтисодий иттифоқи – фақат иқтисодий лойиҳа, лекин сиёсий эмас» деган эди. Кўриниб турибдики, Путиннинг жаҳли чиқибди. Бу билан Путин Қозоғистон раҳбариятига «Ёки менинг ташаббусларимни миқ этмай қабул қилинглар, ёки аҳволингиз Украинадан ҳам ёмонроқ бўлади» демоқда», – дея ҳолатни шарҳлаган эди К.Раббимов бир йил аввал.

Тарихий ҳудудлар даъвосига россиялик олим, тарих фанлари доктори Сергей Абашин ҳам раддия берган эди.

«Унга (президент Путин назарда тутилмоқда – таҳр.) «азалий ҳудудлар» бўлмаслигини тушунтирадиган мард борми?! Барча ҳудудлар тарихнинг турли даврида турфа қабила ва халқлар томонидан бир-бирининг ўрнини эгаллаш, ҳижрат қилиш ҳамда босиб олиш орқали забт этилган. У «азалий» деб атаётган Московия, кейинроқ Русия империясининг ерлари ҳам қачондир босиб олинган ва мустамлака қилинган, маҳаллий аҳоли эса қириб ташланган, бўйсундирилган ёки ассимиляцияга учраган», – деб ёзган эди ўшанда профессор С.Абашин.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев эса жорий йил январда «Egemen Qazaqstan» газетасида чоп этилган «Мустақиллик барчасидан қадрли» деб номланган мақоласида Россия юқори сиёсий доираларида бот-бот янграётган ҳудудий даъвога жавоб қайтарган.

«Аждодлардан мерос бўлиб келаётган муқаддас заминимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиздир. Ушбу ҳудудни қозоқларга хориждан биров пешкаш қилмаган. Бизнинг бугунги тарихимиз 1991 ёки 1936 йиллар билан ўлчанмайди. Она халқимиз ушбу заминда Қозоқ хонлиги даврида, ундан аввалроқ Олтин ўрда, Турк хоқонлиги, хунлар ва саклар даврида умргузаронлик қилган. Мухтасар айтганда, тарихимиз илдизи қадим ўтмишга бориб тақалади», – деб ёзган президент Тўқаев.

С.Салим

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг