Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ президент Россияни заифлаштириш йўлини айтди

Собиқ президент Россияни заифлаштириш йўлини айтди

Фото: Reuters

Польшанинг собиқ президенти, Нобель мукофоти совриндори Лех Валенса Ғарб мамлакатларини нафақат Украина, балки Россиянинг ўзини ҳам озод қилишга чақирди. Бу ҳақда у LCI нашрига берган интервьюсида гапирган.

Россия ҳозирги мақом-мартабада қолар экан, дунё осойишта яшай олмайди, деб ҳисоблайди Л.Валенса. Шунга кўра у тинчликни қарор топтириш учун Россияни заифлаштириш, парчалаб ташлаш, унинг сиёсий тузумини ўзгартириш ва аҳоли сонини 50 миллион кишига туширишни таклиф этган.

Поляк сиёсатдонига кўра, айни пайтда 144 миллион нуфусли Россиянинг аҳолиси сонини камайтириш учун Кремль босиб олган ҳудудларни озод қилиш керак. Бунинг учун эса ишғол этилган ҳудудларда халқ ғалаёнларини уюштириш лозимлиги уқтирилган.

«Агар Украина бу урушда ғалаба қозонган тақдирда ҳам беш йилдан кейин яна ўша ҳолат такрорланади, ўн йилдан кейин бошқа бир Путиннинг саҳнага чиқишига гувоҳ бўламиз», – дейди Валенса.

Таъкидланишича, дунёда бугун қўш сиёсий тизим кузатилмоқда: Ғарб мамлакатлари демократик воситалари орқали эркинликни ёйишга уринмоқда; Россия ва Хитой эса ҳудудларни ишғол этиш каби эски усуллардан фойдаланмоқда. Ўз даврида СССРнинг ашаддий мухолифи бўлган Лех Валенса Кремлни империяни тиклаш уринишда айблаган. 

Л.Валенса 1980 йили Шарқий Европада илк бор «Солидарность» деб аталган аксилкоммунистик йўналишдаги уюшмага асос солган. 1983 йилда ишчилар ҳаракати ва инсон ҳуқуқлари йўлидаги саъй-ҳаракатлари учун тинчлик йўналишида Нобель мукофотига лойиқ кўрилган. 1990-1995 йилларда Польша президенти вазифасида фаолият юритган.

«Агар менга сен коммунизм устидан ғалаба қозонувчи лидерга айланасан дейишса, ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Шу боис ҳам ўзимни галактикадаги энг бахтли инсон деб биламан»,  – деган эди сиёсатчи бир неча йиллар олдин берган интервьюсида. У 1990-йиллардаёқ Украина ва Беларусни НАТО ҳамда Европа Иттифоқига аъзо қилишни таклиф этган. 2019 йилда эса ЕИни ҳозирги аҳволда ривожлантиргандан кўра уни тугатиб, қайта тузган маъқулроқ эканини айтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг