Собиқ президент чегарада тўхтатиб қолинди
Украинанинг собиқ президенти Пётр Порошенко чегарачилар уни Полша ва АҚШга хизмат сафари билан боришига рухсат бермаганини маълум қилди.
«Яна чегарадаги абсурд театр. Олий Рада раиси имзоси билан хизмат сафарим бор, лекин чегарачилар мени ўтказиб юборишмади. Чегарачилар ўз ташаббуси билан ҳаракат қилди, деган фикрдан йироқман. Парламент спикери имзолаган ҳужжатни ким бекор қилганини ҳамма ўзи тахмин қилиши мумкин», — деб ёзди у Facebook саҳифасида.
Россия босқинчилиги туфайли эркакларнинг Украинадан чиқиши чекланган.
Порошенко Полша ва АҚШда «ўнлаб учрашувлар» ўтказишни режалаштирганини айтди.
«Мен полшаликлар билан чегарадаги чекловларни олиб ташлаш ҳақида гаплашишим керак эди. Америкаликлар билан ҳарбий ёрдам масаласини муҳокама қилмоқчи эдим», - дейди собиқ президент.
Чегара хизмати вакили Андрей Демченконинг айтишича, Порошенко хорижга қўйиб юборилмаган, чунки Олий Рада унга тайинланган хизмат сафарини бекор қилган.
«Ҳарбий ҳолат даврида Украина халқ депутатлари расмий хизмат сафари бўйича тегишли қарорлар асосида давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқига эга. Халқ депутати (Порошенко)га келсак, чегарачиларда унинг хорижга хизмат сафари бекор қилингани ҳақида тасдиқнома бор», деди у.
Порошенкога ўтган йили ҳам хорижга чиқишга рухсат берилмаганди. 2022 йилнинг май ойида мамлакатнинг собиқ президенти Украинанинг Полша билан чегарасини фақат учинчи уринишида кесиб ўтди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter