«Сиздан угина, биздан бугина»: Коррупция можароси ортидан Эстония бош вазири истеъфога чиқишга қарор қилди
Эстония бош вазири Юри Ратас коррупция можароси ортидан истеъфога чиқишга қарор қилди.
«Тўрт йил Эстонияга, фуқароларнинг турмуши яхшиланиши, мамлакатнинг халқаро нуфузи мустаҳкамланиши йўлида хизмат қилдим. Бироқ сиёсатда мураккаб вазиятлардан чиқиш учун жуда оғир танловларга ҳам тўғри келади. Сиёсатчи бунга тайёр бўлиши шарт», — дея ўз истеъфосини изоҳлади Ратас.
Ратас бугун, чоршанба куни истеъфога чиқаришни сўраб ёзган аризасини мамлакат президенти Керсти Калюлайдга топширишини айтди. Унинг таъкидлашича, прокуратура партияни коррупцияга алоқадорликда гумон қилган маълумотлар эълон қилиниши айнан кимнингдир айбдорлигини англатмайди, бироқ воқеага дахлдор барчага жиддий соя солади.
Юри Ратас — мамлакатдаги етакчи Марказ партиясининг раҳбари. Кеча, сешанба куни юридик шахс сифатида партияга ҳамда беш нафар жисмоний шахсга нисбатан коррупцияга дахлдорлик бўйича айблов эълон қилинганди.
Прокуратурага кўра, тадбиркор Хиллар Тедер ва партия бош котиби Михаил Корб маҳаллий сайловлар арафасида Тедер партияга миллион еврогача хайрия қилишига келишиб олган. Эвазига Тедерга қарашли «Porto Franco» фирмаси 40 миллион евро кредитни қўлга киритган. Партия учун 30 000 евродан иккита транш амалга ошган, ҳукумат эса кредит беришни тасдиқлаган.
Ушбу иш бўйича гумондор тўрт шахс қўлга олинган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter