«Шимолий оқим» газ қувурларини портлатишда гумонланиб икки киши қўлга олинди – Германия прокуратураси
Германия Бош прокуратураси «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим – 2» газ қувурларини портлатишда гумон қилинган икки шахсни аниқлади. Бу ҳақда мамлакат бош прокурори Йенс Роммел Der Spiegel журналига берган интервюсида маълум қилди.
Роммел тергов давом этаётганини ва ишдаги бошқа айбланувчиларнинг шахси, жиноят сабаблари, хусусан, операцияни бошқа давлатлар томонидан назорат қилиниши мумкинлиги масаласи давом этаётган тергов мавзуси эканлигини айтган. У, шунингдек, гумонланувчиларнинг исмларини ҳам тилга олмаган.
Германиянинг Die Welt нашри шу ҳафта бошида суд ва бошқа ҳужжатларга таяниб хабар беришича, «Шимолий оқим»даги портлашда 2022 йил сентябрь ойида кутилгандек тўртта эмас, камида олтита портловчи мослама ишлатилган. Газетанинг ёзишича, бу янги маълумотлар саботаж ортида ким тургани ҳақидаги назарияни шубҳа остига қўяди.
Сентябр ойида Spiegel манбалари «Шимолий оқим»даги портлаш деярли 300 минг долларга тушгани ва бу саботаж хусусий маблағлар ҳисобидан молиялаштирилгани ҳақида хабар берган эди. Нашрга кўра, газ қувурларини портлатиш режасини Украина Қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужний маъқуллаган, Украина президенти Владимир Зеленский эса ҳужумга тайёргарлик кўрилганидан хабари бўлмаган.
The Wall Street Journal ҳам 2023 йилнинг ёзида портлашдан уч ой олдин Марказий разведка бошқармаси Украина расмийларини газ қувурларини портлатиш уринишларидан огоҳлантирганини ёзган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 26 сентябр куни кечқурун Дания ва Швеция расмийлари Россиянинг Европага газ етказиб берадиган асосий қувурлари – Борнхольм ороли яқинидаги «Шимолий оқим»нинг иккала тармоғида бирданига учта жойдан газ сизиб чиқаётгани ҳақида маълум қилган эди.
Ўз навбатида Швеция Миллий сейсмик маркази «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим-2» қувурлари йўналишларида иккита кучли сув ости портлаши содир бўлганини аниқлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter