Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Севимли машғулоти қироличага 100 миллион даромад келтирди

Севимли машғулоти қироличага 100 миллион даромад келтирди

Фото: «Mulino58.ru»

Буюк Британия қироличаси Елизавета II почта маркалари коллекциясининг шарофати билан 100 миллион фунт стерлинг (135 миллион АҚШ доллари) даромад қилди. Бу ҳақда 16 декабрь куни «Daily Mirror» нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, қиролича бир неча ўн йиллардан буён марка тўплаш билан шуғулланиб келади. У ноёб нусхадаги маркаларни излаб топишга муваффақ бўлган.

Нашрнинг ёзишича, Лондондаги Сент-Жеймс саройидаги «хазина»да Елизавета II томонидан тўпланган 300 га яқин альбом ва 200 қути марка мавжуд.

Қироллик коллекциясининг асосий рамзига айланган «Мовий Маврикий» дунёдаги энг қимматбаҳо маркалардан бири саналади. У 1847 йилда, ўша пайтларда Британия империяси таркибига кирган Маврикий оролида босилган. Ушбу нусха Елизавета иккинчига ХХ аср бошларида Буюк Британияни бошқарган бобоси қирол Жорж V дан мерос бўлиб қолган. У маркани 1904 йилда ким ошди савдосида 1450 фунтга сотиб олган. Юз йилдан сўнг унинг нархи 2 миллион фунт стерлингни ташкил этган.

Қиролича Елизавета II вақти-вақти билан коллекциясидаги маркаларни сотувга чиқариб туради ва бундан тушган пулларни коллекциясини тўлдиришга сарфлайди. Жумладан, 2001 йилги савдо пайтида у 200 та маркасини жами 750 минг фунт стерлингга сотди. Пулнинг бир қисмини «Қора пенни» деб номланувчи тарихдаги илк 10 та почта маркасидан иборат тўпламга сарфлади. Улар 1840 йилда чиқарилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг