«Сенат томошабин эмас». АҚШда уйғурлар ҳуқуқларига доир қонун қабул қилинди
АҚШ Сенати уйғурлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун лойиҳасини (Uyghur Human Rights Policy Act) қабул қилди. Икки партия ҳамкорлигида тайёрланган қонун лойиҳаси Хитойнинг Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи уйғурлар ҳамда бошқа мусулмон элатларнинг ҳуқуқлари бузилишига қарши курашда муҳим қадам экани айтилмоқда.
Мазкур қонун ташаббускорларидан бири, республикачи сенатор Марк Рубионинг қайд этишича, Қўшма Штатлар Шинжонда кузатилаётган шафқатсиз характердаги инсон ҳуқуқлари бузилиши, жумладан, бир миллиондан зиёд уйғурлар ва мусулмон озчиликнинг «сиёсий тарбиялаш» лагерларида сақланаётгани учун Хитой ҳукумати ва коммунистик партия вакилларини аллақачон жазога тортиши керак эди.
«Мазкур қонуннинг қабул қилиниши Конгресс миллионлаб уйғур мусулмонлари адолатсиз равишда қамоққа ташлангани, оммавий таъқиб этилаётгани ва қаттиқ тартибдаги меҳнат лагерларига юборилаётганига томошабин бўлиб турмаслигини кўрсатмоқда», — деди қонун лойиҳасининг яна бир ташаббускори, демократик партия вакили Боб Менендес.
Сенат томонидан қабул қилинган ҳужжатга кўра, Давлат департаментида Шинжон ўлкаси бўйича махсус вакил лавозими жорий этилади. Янги қонун Федерал қидирув бюроси ва бошқа масъул идораларга Конгрессни Шинжон-уйғур ўлкасидаги вазиятдан мунтазам хабардор этиб туриш, АҚШ фуқароларига Хитой ҳукумати томонидан эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олиш мажбуриятини ҳам юклайди. Ҳужжатда, шунингдек, жазо лагерлари фаолиятига алоқадор амалдор ва компанияларга қарши жазо чораларини қўллаш, ахборот майдонида фаолликни ошириш ҳамда дезинформацияга қарши кураш кўзда тутилган.
Амалдаги тартибга кўра, Сенат томонидан қабул қилинган қонун Вакиллар палатасида маъқулланиши талаб этилади. Сўнгги босқичда эса қонун мамлакат президенти томонидан имзоланади.
Расмий Пекин АҚШ Сенатида уйғурлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир қонун қабул қилинишини кескин қоралади. Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чуньин бу ҳодисани Хитойнинг ички ишларига аралашув деб атаб, мазкур қонун Пекин ва Вашингтон муносабатларига зарар етказишидан огоҳлантирди.
АҚШ Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Хитой томони Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида яшовчи 800 мингдан 2 миллионгача уйғур, қозоқ ва бошқа миллатларга мансуб мусулмонларни лагерларда тутқунликда сақламоқда.
Қайд этилишича, судсиз, терговсиз жорий этилган ушбу жазо усули маҳаллий мусулмонларни ўз дини ва миллий ўзлигидан маҳрум этиш ва тўлиқ хитойлаштиришга қаратилган. Давлат департаменти ҳисоботида лагерларда руҳий ва жисмоний зўравонлик авж олгани, шинжонлик мусулмонлар намоз ўқигани ёки рўза тутгани учунгина жазоланаётгани хабар қилинган.
Президент Дональд Трамп глобал миқёсда диний эркинликларни қўллаб-қувватлашни ташқи сиёсатнинг устувор йўналиши деб эълон қилгани маълум. Инчунин, Оқ уй маъмурияти Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида маҳаллий мусулмонлар ҳуқуқлари бузилиши юзасидан ҳам расмий Пекинга кўпдан бери эътироз билдириб келади. Қўшма Штатлар Хитой раҳбариятидан «маданий геноцид»ни тўхтатишни талаб қиларкан, акс ҳолда, иқтисодий жазо чоралари жорий этилишидан огоҳлантирган.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳам Шинжон-уйғур мухтор ўлкасида кўп сонли ёпиқ лагерларда маҳаллий мусулмонлар тутқинликда сақланаётганини қоралаган. Хитой томони эса ёпиқ лагерларда уйғурлар ва бошқа кам сонли миллатларга мансуб мусулмонлар қийноққа солинаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этади. Расмий Пекинга кўра, экстремизмга мойил аҳолини қайта тарбиялашга йўналтирилган таълим ва касб-ҳунар марказлари фаолияти нотўғри талқин қилинмоқда.
С. Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter